АҚШ давлат котиби 24 август куни Суриянинг террорчилик мақомини бутунлай бекор қилиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Давлат департаменти бу хусусида ОАВга расмий хабар йўлларкан, Ҳайъат Таҳрир аш-Шом ташкилотининг “Махсус белгиланган глобал террорчи” мақоми ҳам олиб ташланаётгани маълум бўлди.

“Бугун мен Суриянинг “Терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат” сифатидаги мақомини расман бекор қилишни тасдиқладим. Шунингдек, Ҳайъат Таҳрир аш-Шом ташкилотининг “Махсус белгиланган глобал террорчи” мақомини ҳам бекор қилдим. Бу қарорлар президент Трамп томонидан Сурия халқига фаровонликка эришиш йўлини очиш борасида амалга оширилган яна бир тарихий қадамдир, деган Марко Рубио.

Қўшимча қилинишича, ўтган бир йил давомида Трамп маъмурияти Сурия халқига фойда келтирадиган санкцияларни енгиллаштириш бўйича анчагина чораларни кўрган.

Давлат департаментига кўра, 2025 йил июн ойида чиқарилган “Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилишни таъминлаш” ҳақидаги президент фармони тарихий бўлди ва Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилиш жараёнини тезлаштирди. Жумладан, у Сурияга оид санкциялар дастурини ва Сурия билан боғлиқ фавқулодда ҳолатни тугатди, шунингдек, Сурия билан боғлиқ турли санкциялар ва террорчи ташкилотлар мақомини қайта кўриб чиқиш жараёнини бошлади.

Бу чоралар Суриянинг президент Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги ҳукуматининг халқаро терроризм билан алоқаларни тўлиқ узиш борасида кўрсатган ижобий ҳаракатлари ва олган кейинги мажбуриятларини эътироф этиш мақсадида амалга оширилди, дейилади ахборотда.

АҚШ назарида ўтган бир йил давомида Сурия ҳукумати терроризмга қарши курашда муҳим қадамлар ташлади. Жумладан, ноябр ойида ИШИДни мағлуб этиш бўйича глобал коалицияга расман қўшилди ва ИШИД, “ал-Қоида”, “Ҳизбуллоҳ” ҳамда Эрон билан иттифоқчи гуруҳларнинг террор тармоқларини издан чиқаришга қаратилган операциялар ўтказди.