Марказ Чироқчи тумани ҳокимлиги ва The Stirling Foundation жамғармаси кўмагида ташкил этилди. У Чироқчи ва унга яқин ҳудудларда яшовчи тадбиркор аёллар учун бизнесни ривожлантиришга доир таълим, маслаҳат ва мураббийлик хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.

Бу HAMROHʼнинг ҳудудлардаги навбатдаги маркази ҳисобланади. Ташкилот бунга қадар Нукусда филиал ва Чимбойда марказ очган.

IMG_3868

HAMROH

Чироқчидаги янги марказда тадбиркор аёллар бизнесни очиш ва ривожлантириш, молиявий саводхонликни ошириш ҳамда молиялаштириш имкониятларидан фойдаланиш бўйича маслаҳат олиши мумкин. Шунингдек, иштирокчиларга бизнеснинг турли босқичларида индивидуал ҳамроҳлик ва эксперт кўмаги кўрсатилади.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири HAMROH томонидан БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Womenʼs Entrepreneurship Support Programme (WESP) дастури бўлади.

IMG_3870

HAMROH

Марказнинг очилиш маросимида 80 дан ортиқ тадбиркор аёл, давлат органлари вакиллари, HAMROH жамоаси, мураббийлар ва таълим дастурлари иштирокчилари қатнашди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова, Чироқчи тумани ҳокими Баҳодир Худойқулов ва HAMROH бош директори Дилфуза Нурматова сўзга чиқди.

Шунингдек, WESP дастури мураббийлари, ҳунармандлар ҳамжамияти вакиллари ҳамда тадбиркор аёллар бизнесни ривожлантириш бўйича тажриба ва амалий тавсиялари билан ўртоқлашди. Тадбир якунида иштирокчилар учун тажриба алмашиш, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва янги касбий алоқалар ўрнатишга қаратилган нетворкинг сессияси ўтказилди.

«Биз учун ҳар бир янги марказ, аввало, тадбиркор аёллар учун янги имкониятдир. Аёл қаерда яшаши ва ўз бизнесини қаерда ривожлантиришидан қатъи назар, сифатли қўллаб-қувватлашдан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини истаймиз», — деди HAMROH бош директори Дилфуза Нурматова.