Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳамроҳ» ва Халқаро Миграция Ташкилоти мигрантлар оиласидан бўлган аёлларни қўллаб-қувватлайди
«Ҳамроҳ» компанияси ва Халқаро Миграция Ташкилоти (IOM) ўртасида мигрантлар оиласидан бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро англашув меморандуми 3 ноябрь куни имзоланди.
Фото: IOM Uzbekistan
Меморандум доирасида томонлар бир нечта асосий ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олди. Унга кўра, мигрантлар оиласидан бўлган аёл-тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида грант ва ўқув дастурлари орқали молиявий манбаларни топиш ҳамда жалб этиш йўлида ҳамкорлик қилинади.
Шунингдек, аёлларнинг барқарор даромад манбаларини яратишига ва иқтисодий заифликни камайтиришига хизмат қилувчи манзилли грант механизмлари ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади. Ҳамкорлик доирасида аёллар ўртасида тажриба алмашиш, ўзаро ўрганиш ва маҳаллий бизнес уюшмалари билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган менторлик дастурлари ташкил этилади. Шу билан бирга, қўшма ташаббусларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида дастурлар мониторинги ва баҳолаш тизими йўлга қўйилади.
«Аёлларнинг имкониятларини кенгайтирар эканмиз, биз уларни фақат қўллаб-қувватламаймиз, балки оилаларнинг ўзгариши учун шароит яратамиз. Бу оилавий бюджетни оқилона бошқариш, пул ўтказмаларидан самарали фойдаланиш ва иқлим ўзгаришларига нисбатан уй хўжаликларининг бардошлилигини оширишга хизмат қилади», деди Нозимахон Давлетова, Президенти Администрацияси раҳбарининг консультанти – Инсон капиталини ривожлантириш бўйича Лойиҳа офиси раҳбари.
«Меҳнат мигрантлари оиласидан бўлган аёллар кўпинча икки карра юкни кўтаради. Улар ҳам оила парвариши, ҳам даромад топиш учун масъул. IOM билан ҳамкорлик орқали биз уларга зарур билим, восита ва ишонч берамиз, шунда улар оилалари ва маҳаллий ҳамжамиятлар фойдасига барқарор бизнес ярата олади», деди Дилфуза Нурматова, «Ҳамроҳ» компанияси бош директори.
«Аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш — бу бутун ҳамжамиятларни мустаҳкамлашдир. «Ҳамроҳ» билан ҳамкорлигимиз мигрантлар оиласидан бўлган аёлларнинг мамлакат иқлим ўзгаришларига мослашиш жараёнидан четда қолмаслигини таъминлайди», деди Эндрю Грей, IOM Ўзбекистон миссияси раҳбари.
«Ҳамроҳ» ва IOM ўртасидаги ҳамкорлик иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож жамоаларда яшовчи аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг мамлакат барқарор ривожланишига қўшаётган ҳиссасини кучайтиришга қаратилган.
Маълумот учун, «Ҳамроҳ» — Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватловчи биринчи компания бўлиб, аёлларга бепул маслаҳатлар, менторлик ва ўқув дастурлари тақдим этади. Компания имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашади, аёлларни бизнес юритиш кўникмалари билан қуроллантиради ҳамда уларнинг янги имкониятлардан фойдаланишига ёрдам беради.
Халқаро Миграция Ташкилоти (IOM) — 1951 йилда ташкил этилган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимига кирувчи агентлик бўлиб, миграция масалалари билан шуғулланади. Ташкилот дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритади ва 2015 йилдан буён Ўзбекистонда меҳнат миграцияси, мигрантларни ҳимоя қилиш, фавқулодда вазиятларга жавоб бериш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш соҳаларида кенг кўламли дастурларни амалга ошириб келмоқда.