Венгрияда 24 ёшли эркак Калоча шаҳридаги аэродромдан Cessna-172 енгил самолётини олиб қочди ва «Пакш» АЭС устидаги тақиқланган ҳудудда хавфли манёврларни амалга оширди, деб ёзади HVG нашри.
Венгрия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, мудофаа кучлари радарлари номаълум ҳаво объектини дарҳол аниқлаган. Вазият самолёт АЭС устидаги ҳаво ҳудуди чекланган зонага киргани сабабли янада мураккаблашган. Хавфсизлик қоидаларига кўра, атом электр станциясидан 3 километр радиусда ва 6000 метргача бўлган баландликда фақат ҳарбий ҳаво кемалари учишига рухсат берилган.
Мудофаа вазири Ромулуш Рушин-Сенди қоидабузарни тутиш учун иккита Gripen қирувчи самолёти ҳавога кўтарилганини тасдиқлади.
Қирувчи самолётлар томонидан таъқиб қилинган самолёт Герен қишлоғи яқинидаги далага қулаган. Ҳодиса жойига ўт ўчирувчилар ва қутқарув вертолёти чақирилган. Учувчи жароҳатланмаган, бошқа жабрланганлар ҳақида ҳам маълумот берилмаган.
Полициянинг аниқлашича, самолёт қулаганидан кейин эркак кабинадан чиқиб, трасса бўйлаб юра бошлаган. Йўлдан ўтиб кетаётган автомобилчи унга ёрдам бериш учун тўхтаганида у машинани ҳам олиб қочишга уринган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаган.
Кейинчалик нашр қоидабузар қўлга олинганини хабар қилди. Унинг маст ҳолда бўлгани аниқланган.
«Пакш» АЭС Венгрияда ҳозирда ишлаб турган ягона атом электр станцияси ҳисобланади.






