Ўзбекистондаги биринчи пулли фойдаланишга тайёр: Урганч–Хива трассасидан юриш қанчага тушади? Президентнинг тадбиркорлар билан мулоқоти: бизнесни қийнаётган қайси муаммоларга ечим берилди? Насия савдо бўйича янги қоидалар: нималар ўзгаради ва бу ўзгаришлар кимга тааллуқли? Шуҳрат Абдураҳмонов яна “тилла балиқ”қа айланди: унинг ҳотамтойлиги қайси маблағга асосланган?

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Хоразмда янги трасса, янги темирйўл ва янги аэропорт

Ўзбекистондаги биринчи пулли йўл қуриб битказилди. Урганч–Хива трассаси 25 август куни очилиши кутиляпти. Автомобил йўллари қўмитаси хабарига кўра, 35 километрлик янги магистралнинг бошидан охиригача ҳаракатланиш нархи енгил машиналар учун 25 минг сўм деб белгиланган. Туркманли маҳалласидан Хивагача бўлган 28 километрлик қисқароқ масофа тўлови эса 20 минг сўмни ташкил этади. Йўл ҳақини тўлаш учун тўлов пунктида тўхташ шарт эмас – тўловлар uzsent.uz сайти ёки мобил илова орқали амалга оширилади.

Маълум қилинишича, пулли йўлни танлаш ҳайдовчига бепул йўлдаги 45-50 дақиқалик масофани 15-20 дақиқада босиб ўтиш имконини беради. Чунки у ерда чорраҳалар йўқ, рухсат этилган максимал тезлик эса бурилиш жойларида соатига 130 км, бошқа жойларда соатига 150 км. Тезликни 40 км/соатдан пасайтириш, тўхташ ва қайрилиб олиш тақиқланган. Автомагистралда пиёдалар, велосипедлар, скутер ва мопедлар ҳамда тиркамали транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин эмас. Юк машиналарига икки тасмали бу йўлнинг фақат ўнг тасмасида ҳаракатланишга рухсат берилади.

Ҳафта бошида Хоразмга ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев аввалига Урганчдан Хивага янги қурилган темирйўлда борди, ортга қайтишда эса пулли автомобил йўлидан юрди. Янги темирйўлга келсак, у Урганч халқаро аэропорти ва Хива темирйўл бекатини ўзаро боғлайди. Яъни Хивага келувчи сайёҳлар Урганч аэропортига қўниб, шу ернинг ўзидан электропоездга чиқиб, 40 дақиқада қадимий шаҳарга етиб олиши мумкин. Янги линияга Хитойда ишлаб чиқарилган CR200J электропоезди қатновга