Сўнгги йилларда Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Андижон пулли йўллари лойиҳаси қилинди ва амалий ишлар бошланди. Яқинда Урганч – Хива пулли йўли ишга тушади, Тошкент – Чорвоқ пулли йўл лойиҳаси ҳам тайёрланмоқда. Яқин 4-5 йилда Ўзбекистонда минг километрга яқин пулли йўл пайдо бўлади. Хўш, Марказий Осиёнинг бошқа республикалари ва Россияда қандай пулли йўллар бор?

Тожикистон

Марказий Осиёда пулли йўлларни ташкил этган илк давлат Тожикистон ҳисобланади. 2010 йилда қўшни давлатдаги асосий халқаро йўл Душанбе – Хўжанд – Чаноқ автомагистралининг биринчи қисми тўлиқ таъмирланиб, пулли йўлга айлантирилади. Ҳозир Тожикистонда 300 километрдан ортиқ пулли йўл мавжуд бўлиб, улар олти қисмга бўлинади. Варзоб туманида жойлашган йўл 2010 йил 1 апрелдан бошлаб пулли бўлганди.

Кейинчалик пулли йўллар узайтирилиб, автомагистрал бўйлаб яна олтита қисм қўшилди. Жумладан, 63 километрли Варзоб, 41 километрли Гушари, 41 километрли Шаҳристон, 66 километрли Ўратепа, 65 километрли Деҳмой ва 60 километрли Чорух участкалари пулли йўлларга айлантирилади.

Тожикистондаги пулли йўллар фойдаланувчилари тўрт тоифага бўлинган ва улар алоҳида тарифлар билан пул тўлайди:

* Биринчи тоифага енгил автомобиллар, микроавтобуслар ва 2 тоннагача юк кўтариш қувватига эга машиналар кириб, улар 300 километрдан ортиқ йўлни тўлиқ босиб ўтиш учун 9 доллар (картадан тўласа, 7 доллар) атрофида тўлов қилади.

* Иккинчи тоифага микроавтобуслар ва икки ўқли ўртача юк машиналари киритилган ва улар пулли йўлнинг охиригача бориш учун 20-22 доллар атрофида пул тўлайди.

* Учинчи тоифага кирувчи катта автобуслар, уч ўқли оғир юк машиналари учун пулли йўлни тўлиқ кесиб ўтиш 50-51 долларга тушади.

* Тўртинчи тоифага тўрт ва ундан ортиқ ўқли ўта оғир юк машиналари киритилган. Улар пулли йўлнинг охиригача босиб ўтиш учун 62-64 доллар атрофида пул тўлайди.

Тожикистонда пулли йўлларнинг муқобили йўқ. Шу сабабли фойдаланувчилар пулли йўллар жойлашган ҳудудга кирганда фақат тўлов қилиб ўтиши мумкин. Шунингдек, пулли йўллар бўйлаб жойлашган аҳоли пунктларида яшовчилар ўз ҳудудида чегирмали тўловдан фойдаланади. Бошқа ҳудудга ўтмоқчи бўлганда тўловни тўлиқ амалга оширади.

Қўшни давлатдаги пулли йўлларни Британия Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган Innovative Road Solutions компаниясининг Тожикистондаги филиали бошқаради.