Кёлндаги Германия иқтисодиёт институти (IW) маълумотларига кўра, 2025 йилда хорижий компанияларнинг Германияга киритган тўғридан тўғри инвестициялари сезиларли даражада кўпайган.

Йил давомида мамлакатга 86 миллиард евро миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритилган. Бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан 50 фоизга кўп.

Институт экспертлари бундай ўсишни баҳолашда 2024 йилда инвестициялар ҳажми кескин камайганини ҳам ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлаган. Ўша йили Германияга тўғридан тўғри хорижий инвестициялар 32 фоизга қисқарган эди.

Экспертларнинг қайд этишича, тўғридан тўғри инвестициялар оқими йилдан йилга сезиларли ўзгариши мумкин. Айрим йирик битимларнинг ўзи ҳам умумий кўрсаткичга катта таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, инвестицияларга оид статистика кейинчалик юқори ёки паст томонга қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Шунга қарамай, 2025 йилги кўрсаткич 2015–2024 йиллардаги инвестициялар медианаси билан таққосланганда ҳам 11 фоизга юқори бўлган.

Айни пайтда, Германияга сармоя киритаётган давлатлар таркибида жиддий ўзгариш кузатилган.

Хусусан, АҚШ компанияларининг Германияга инвестициялари 2025 йилда 44 фоизга қисқариб, 11,8 миллиард еврога тушган. Натижада АҚШнинг Германияга киритилган жами хорижий инвестициялардаги улуши 36 фоиздан 14 фоизга камайган.

Буюк Британия компанияларининг инвестициялари эса, аксинча, 284 фоизга ошиб, 26 миллиард еврога етган. Бу Германияга 2025 йилда киритилган жами хорижий инвестицияларнинг 31 фоизига тенг.

Шунингдек, Хитой, Чили ва Саудия Арабистонидан киритилган инвестициялар ҳажми ҳам ошган. Бироқ IW маълумотларига кўра, ушбу мамлакатларнинг Германияга киритилган жами хорижий сармоядаги улуши ҳозирча нисбатан кичиклигича қолмоқда.

Германияга хорижий инвестицияларнинг энг катта қисми Европа Иттифоқининг бошқа давлатларидан кириб келган. 2025 йилда ЕИ мамлакатларидан инвестициялар ҳажми 2,7 фоизга камайиб, 43 миллиард еврога тушган.

Шунга қарамай, бу Германияга йил давомида киритилган барча хорижий инвестицияларнинг қарийб ярмини ташкил этади.