Унда турли мамлакатлар парламентларининг ёш аъзолари, халқаро ташкилотлар ва соҳа экспертлари Барқарор ривожланиш мақсадларини миллий даражада амалга оширишда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ўрни ва имкониятларини муҳокама қилди.

Сессияни Олий Мажлис Сенати раиси, 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Норбоева очиб берди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда БРМни амалга ошириш доирасида ижтимоий, иқтисодий, экологик ва институционал йўналишларда қатор натижаларга эришилган. Жумладан, 2021–2025 йилларда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 5,8 фоизга, 2020–2025 йилларда ишсизлик даражаси 10,5 фоиздан 5,1 фоизга тушган. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси эса 18,7 фоиздан 47,7 фоизга етган.

Сессияда парламентларнинг БРМни амалга оширишдаги асосий механизмлари ҳам муҳокама қилинди. Қонунчилик базасини такомиллаштириш, давлат дастурлари ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, бюджет устуворликларини белгилаш ва фуқаролар, хусусан, ёшларни қарорлар қабул қилиш жараёнига кенгроқ жалб этиш парламентлар олдидаги муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.

Муҳокамаларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида»ги ҳамда «Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияларнинг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, ёш парламент аъзоларининг БРМни илгари суришдаги роли, парламентларнинг ёшлар билан ишлаш механизмлари, ёшларнинг сиёсий ва ижтимоий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда БРМга эришишни жадаллаштиришда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.