Халқаро анжуман Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида ташкил этилади.

Мазкур конференцияни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси 2025 йил 5–9 апрел кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясида илгари сурилган.

Конференция «Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида» мавзусига бағишланади.

Тадбир иштирокчилари орасида ёш парламент аъзолари, парламент раҳбарлари ва депутатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари бўлади.

Конференция давомида замонавий дунёдаги долзарб муаммоларни ҳал этишда ёшларнинг ўрни ва уларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини таъминлаш, адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ёшларнинг ролини ошириш бўйича фикр ва тажриба алмашилади.

Анжуман доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик масалаларига бағишланган III глобал форум ҳам ўтказилади.