Фарғона вилоятида Афғонистоннинг Kam Air компанияси билан ҳамкорликда халқаро авиакомпания ташкил этилиши мумкин.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Kam Air раҳбари Умар Муҳаммад Сулаймон бошчилигидаги делегация билан учрашуви чоғида ушбу мавзу муҳокама қилинди.
Хабар қилинишича, учрашувда Uzbekistan Airports тижорий фаолият департаменти бошлиғи Тимур Халилов ҳам иштирок этди.
Мулоқот чоғида жорий йил 26–27 июл кунлари Фарғона вилояти делегациясининг Афғонистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш, авиасозлик соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, Фарғонада янги халқаро авиакомпания ташкил этиш ташаббуси юзасидан фикр алмашилди. Лойиҳани амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар, зарур инфратузилма ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш жараёнлари муҳокама қилинди.
Тегишли ташкилотлар ва мутахассислар иштирокида лойиҳани амалий босқичга олиб чиқиш, халқаро стандартлар асосида ишларни ташкиллаш чора-тадбирларига эътибор қаратилди.











