“Газпром” 2026 йил бошидан буён Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш ҳажмини қарийб 70 фоизга оширди. Бу ҳақда компания бошқарув раиси Алексей Миллер маълум қилди.
“Бу йил Марказий Осиёда ҳам яхши натижаларга эришмоқдамиз. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини қарийб 70 фоизга оширдик”, – деди Миллер 4 сентябр куни Нефт ва газ саноати ходимлари кунига бағишланган йиғилишда.
Ўзбекистон 2023 йилда “Газпром”дан газ сотиб ола бошлади ва ўша йилдан табиий газнинг нетто-импортёрига айланди. Россия гази Ўзбекистонга “Ўрта Осиё – Марказ” магистрал газ қувури орқали етказиб берилмоқда. Собиқ иттифоқ даврида газни Марказий Осиёдан Россия томон ташиш учун қурилган қувур ҳозир реверс режимида ишламоқда.
“Газпром” 2025 йилда Ўзбекистонга 6,48 млрд куб метр газ етказиб берган, бу – 2024 йилдаги кўрсаткичдан 15 фоиз кўп.
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ-июл ойларида табиий ёки сунъий газ импорти 1 млрд 10 млн долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу давридан 8,2 фоизга ошган. Шу жумладан, суюлтирилган газ (пропан) импорти 3,6 баробарга ошиб, 105,4 млн долларни ташкил этган. Ҳисобот даврида табиий ёки сунъий газ экспорти қиймат жиҳатдан 36,2 фоизга қисқариб, 279,7 млн долларгача пасайган.
“Интерфакс”нинг ёзишича, Қирғизистон йилига қарийб 500 млн куб метр газ истеъмол қилади. Мамлакатда қурилиши режалаштирилаётган ИЭС-2 ва “Бишкексельмаш” ИЭСлари учун “Газпром” билан 2040 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли газ етказиб бериш шартномалари имзоланган.
Қозоғистонда эса Россия гази Ғарбий Қозоғистон, Қостанай ва Ақтўбе вилоятларидаги истеъмолчиларни таъминлаш учун етказиб берилмоқда. Компания етказиб бериш ҳажми республикадаги талабнинг ўсишига мос равишда оширилаётганини билдирган. Шунингдек, Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларини Россия гази билан таъминлаш масаласи ҳам ишлаб чиқилмоқда.
















