Жамият | 08:41
1220
2 дақиқада ўқилади

1 июлдан маҳаллалар бошқарувида муҳим ўзгаришлар кучга киради

Президентнинг «Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан маҳаллалар бошқаруви тизимида қатор янгиликлар жорий этилади. Унга кўра, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасига қўшимча ваколатлар берилиб, «маҳалла еттилиги» фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби белгиланади.

Фото: mahallakengashi.uz

Президентнинг 2026 йил 24 июнда қабул қилинган ПФ–116-сонли фармони билан маҳалла бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Фармонга кўра, 1 июлдан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларига маҳаллалардаги муаммоларни тизимли таҳлил қилиш, масъул идоралар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини назорат қилишда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, маҳаллада биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган фуқароларга нисбатан суд-тергов органлари енгиллик қўллаган тақдирда, «маҳалла еттилиги» уларни қайта тарбиялаш, касбга ўргатиш, бандлигини таъминлаш ва таълимга йўналтириш учун масъул бўлади.

Агар кафилликка олинган шахс уч йил давомида жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этмаса, унинг ижобий тарбиясида фаол иштирок этган «маҳалла еттилиги» аъзоларини қўшимча рағбатлантириш чоралари кўрилади.

Фармон билан, шунингдек, маҳаллалар уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиқларига «маҳалла еттилиги» фаолиятига ноқонуний аралашув ёки уларни хизмат вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш ҳолатлари юзасидан туман (шаҳар) ҳокимларига тақдимнома киритиш ваколати ҳам берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид