Якунланаётган ҳафтанинг иккинчи ярмида жаҳон ахборот агентликлари Ямандаги қонуний ҳукуматга таянган ҳолда мухолифатдаги ҳусийчилар Боб-ал-Мандаб бўғозидан 80 километр масофадаги Моҳа шаҳрини эгаллагани ҳақида хабар тарқатди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусийчилар отрядлари шаҳарга кириб, «Америкага ўлим, Исроилга ўлим!» дея ҳайқиришган.

AFP агентлиги хабарига кўра, ҳафта бошидан буён олиб борилган тўқнашувларда 500 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, ўн минглаб кишилар ўз уйларини тарк этган.

Ҳусийчиларнинг юриши Саудия Арабистони ҳудуди бўйлаб йўлланган зарбалар билан бирга кечмоқда. Саудия коалициясига кўра, исёнчилар баллистик ракеталар ва дронлар билан Абҳа, Ҳамис-Мушайт ва Жизан шаҳарларига ҳужум қилишган. Ар-Риёд ҳам ёпирилма ҳаво зарбалари билан жавоб қайтарган.

Ҳафта охирига келиб эса ҳусийчилар Перим оролига етиб боргани ҳақида хабар тарқалди. Бу орол Осиё ва Европани боғловчи савдо йўлининг жанубий дарвозаси ҳисобланадиган Боб-ал-Мандаб бўғозини иккига ажратиб туради.

Бундан олдинроқ Ямандаги Саудия томонидан қўлланувчи қонуний ҳукуматдаги манбалар ҳукумат кучлари Перим оролини тарк этгани, ҳусийчилар эса Қизил денгиз соҳилидаги Зураб шаҳрини эгаллагани (ушбу шаҳар орол рўпарасида жойлашган) ҳақида хабар берганди.

Айни вақтда ҳусийчиларнинг ўзи Перим оролини эгаллаб олгани ҳақида расман эълон қилмаган.

photo_2026-09-11_15-08-46

Ҳусийчилар қуролли кучлари вакили Яҳё Сариа ўз телеграм-каналида гуруҳ тез орада «жиддий оқибатларга олиб келадиган кенг кўламли ҳарбий операция» эълон қилиши ҳақида ёзган.

Ҳозирги эскалация 2022 йилдан буён Ямандаги фуқаролик урушини тўхтатиб турган мўрт битимни узил-кесил йўққа чиқариши мумкин. Ушбу мамлакатдаги ҳарбий тўқнашувлар 2014 йилда ҳусийчилар пойтахт Санони эгаллаб олганидан кейин бошланган, 2015 йил мартида эса Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси ҳам можарога тортилган.

Бугунги кунда ҳусийчилар мамлакатдаги энг йирик ҳарбий куч ҳисобланади ва Яман аҳолисининг тахминан 50-60 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган ҳудудларни ўз назоратига олган.

Бўғоз нимаси билан муҳим?

Қизил денгизнинг энг жанубий қисмидаги бўғоз бўлиб, уни Адан қўлтиғи ва ундан кейин Ҳинд океани билан боғлайди.