Қирғизистон республикаси президенти Садир Жапаров 14 сентябр куни Бишкек шаҳридаги «Бирдамлик саройи»да давлат мукофотларини топширди.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати хабар беришича, тақдирланганлар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев ҳам бор. У Қирғизистон республикасининг «Дўстук» ордени билан мукофотланди.
«Мазкур юксак мукофот Аҳмаджон Мелибоевнинг адабиёт ва журналистика соҳасидаги кўп йиллик самарали фаолияти, халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссасига берилган юксак баҳодир», дейилади хабарда.
Аҳмаджон Мелибоев 1946 йил 23 март Қирғизистоннинг Олабуқа туманида туғилган.
Кўп йиллар «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига бош муҳаррирлик қилган, 2000-2004 йилларда президент маслаҳатчиси, маслаҳатчи ўринбосари бўлиб ишлаган, кейинроқ ЎзМУ журналистика факултетида дарс берган, 2018 йилдан буён «Жаҳон адабиёти» журналида бош муҳаррир сифатида фаолият юритмоқда.
Унинг «Бир заминда яшаймиз», «Умидли дунё», «Ёлғиз яшаб бўлмайди», «Ҳуштакни ким чалади?», «Хотин йўғида», «Торнинг чўмичдан фарқи», «Умр учар юлдуз», «Қирқ бешинчи бекат», «Сувора соғинчи», «Сафед Булон ҳикоялари» каби китоблари чоп этилган.











