Украина президенти Володимир Зеленский Руслан Кравченкони мамлакат бош прокурори лавозимидан четлатди. Бу давлат раҳбарининг 2026 йил 14 сентябрдаги фармонидан маълум бўлди.
Ушбу қарор «Ҳарбий ҳолатнинг ҳуқуқий режими тўғрисида»ги Украина Қонунининг 11-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ қабул қилинди. Унга кўра, давлат раҳбари ҳарбий ҳолат даврида тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ўз ваколатига кирадиган мансабдор шахсни эгаллаб турган лавозимидан четлатиш ҳамда тегишли давр учун унинг вазифаларини бажаришни бошқа шахсга юклаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
«Карфаген» иши
Аввалроқ Украина Миллий антикоррупция бюроси бош прокурор офиси мансабдор шахси бошчилигидаги жиноий гуруҳни фош этиш бўйича махсус амалиёт ўтказган эди. Таъкидланишича, ушбу гуруҳ фирибгарлик билан шуғулланувчи колл-марказлар тармоғини ҳимоялаш ва мулкни легаллаштиришга алоқадор бўлиши мумкин. Бу иш «Карфаген» номини олган.
14 сентябр куни Кравченко Парижга (Франция) беш кунлик хизмат сафарини мустақил равишда расмийлаштиргани маълум бўлди. У ерда Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси йиғилишида иштирок этиши керак эди.
Бундан аввал Кравченко Украина Миллий антикоррупция бюроси раҳбарига ҳамда Ихтисослаштирилган аксилкоррупсия прокуратураси (САП) раҳбарига яқин шахсга нисбатан шубҳа билдирилгани ҳақидаги ҳужжатни имзолаганини маълум қилганди.















