Маълум қилинишича, воқеа 3 август куни Бухоро шаҳридаги турар жой массивларидан бирида содир бўлган. Эҳтиётсизлик оқибатида кичик ёшли бола бошини бетон тешигига тиқиб қўйган ва уни мустақил чиқара олмаган.
Хабар келиб тушгач, ҳодиса жойига зудлик билан Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари етиб борган. Улар махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиб, болани жароҳат етказмаган ҳолда бетон тешигидан чиқариб олган.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқароларни, айниқса, ёш болаларни назоратсиз қолдирмасликка ҳамда бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.











