Корея Республикасининг The Chosun Daily нашрида президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик» номли мақоласи эълон қилинди.
Президент мақоласида икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқалар, алоҳида стратегик шериклик, савдо ва инвестиция муносабатларининг бугунги ҳолати ҳамда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш истиқболларига тўхталди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 5 баробарга ошган. Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари эса 8 млрд доллардан ошди.
Айни пайтда Ўзбекистонда Корея капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар фаолият юритмоқда. KOICA, Корея Эксимбанки ва EDCF билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3,5 млрд доллардан ортиқни ташкил этади.
Мирзиёев икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро тўлдирувчанлиги янги ўсиш драйверларини яратиш учун катта имконият эканини таъкидлади. Унинг фикрича, энди алоҳида соҳалардаги ҳамкорликдан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантиришга ўтиш муҳим.
Мақолада сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари, биофармацевтика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги ва «ақлли шаҳарлар» Ўзбекистон—Корея ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари сифатида кўрсатилган.
Шунингдек, таълим ва инсон капиталига инвестицияларни кўпайтириш, академик алмашинувларни ривожлантириш ва қўшма илмий тадқиқотларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланган.
Президент Марказий Осиё—Корея Республикаси саммитига ҳам алоҳида тўхталиб, уни Кореянинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа билан ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдон сифатида баҳолади.
Ўзбекистон ушбу формат доирасида сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва шерикликнинг янги механизмларини яратишга қаратилган ташаббусларни илгари суришни режалаштирмоқда.
Мирзиёев Марказий Осиё ва Корея Республикаси ўртасида тинчлик, инновациялар, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликка асосланган янги ҳамкорлик маконини шакллантириш мумкинлигига ишонч билдирди.















