15 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳридаги қароргоҳида Корея Республикаси бош вазири Хан Сон Сук билан учрашув ўтказди.

Музокараларда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологияларни жалб қилиш, шунингдек, транспорт ва логистика соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар инновацион-технологик ҳамкорликни чуқурлаштиришга устувор аҳамият қаратди.

Шунингдек, савдо, молия ва инвестициялар, рақамли иқтисодиёт ва киберхавфсизлик йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Кореянинг илғор технологиялари ва Ўзбекистоннинг хомашё базасидан фойдаланган ҳолда муҳим минералларни қайта ишлаш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, транспорт ва темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳудудлари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.