Украина президенти Володимир Зеленский Россия ва Украинанинг энергетика инфратузилмаси объектларига ўзаро зарба беришни тўхтатиш бўйича АҚШ таклифини муайян шартлар асосида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.
Зеленский 14 сентябр куни кечки видеомурожаатида Вашингтон Россиянинг урушни тугатишга ҳақиқатан тайёрлигини таъминлай олсагина, Киев кескинликни пасайтириш бўйича қадам ташлашини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир АҚШ томонидан муҳим инфратузилма объектларига ўзаро зарбаларни тўхтатиш бўйича жиддий таклиф мавжуд.
Зеленский Россиянинг Украина муҳим инфратузилмасига ҳужумларини ва Украинанинг жавоб зарбаларини тўхтатиш деэскалация йўлидаги биринчи қадам бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Украина бундай сценарийни қўллаб-қувватлашга тайёр, деди у.
Шу билан бирга, Украина президенти ҳозиргача Россия томонидан урушни тугатишга ҳақиқий интилиш кўринмаганини таъкидлади. У Киев ҳамкорларидан аниқ таклиф ва кафолатларни кутаётганини билдирди.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Россия ва Украина бир-бирининг энергетика инфратузилмасига зарба бермасликка келишиб олганини маълум қилган эди.
Трамп жаҳонда дизел ёнилғиси нархининг ошишини ҳам асосан Россия ва Украина ўртасидаги уруш билан боғлаган.
Россия томони Трампнинг энергетика объектларига зарбаларни тўхтатиш бўйича келишув ҳақидаги баёнотига ҳозирча расмий муносабат билдирмаган.
Financial Times манбаларига кўра, Россия президенти Владимир Путин қиш бошлангунига қадар Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатиш ниятида эмас. Нашр манбалари Кремл бундай зарбалар Киевга босимни кучайтириши мумкин, деб ҳисоблаётганини билдирган.
Бундан бир кун аввал Трамп Киевни Россиянинг дизел ёнилғиси билан боғлиқ инфратузилмасига зарба беришни тўхтатишга ҳам чақирган эди.
















