Зеленский бу ҳақда 25 октябр куни эълон қилинган «1+1» телеканалига интервюсида гапирган. Баёнот ноябрда Украина, Россия ва АҚШ делегациялари ўртасида ўтказилиши мумкин бўлган музокаралар олдидан янграган.
«Бизнинг хавфсизлик кафолатларимиз — бизнинг хавфсизлик кафолатларимиз. Уларни Россия томони белгилаб бера олмайди», — деган Украина президенти.
Унинг сўзларига кўра, Киев учун навбатдаги уч томонлама музокараларда давлат раҳбарлари учрашувини ташкил этиш имконияти муҳокама қилиниши муҳим.
Зеленский ҳамкорларни Украина, АҚШ ва Россия етакчилари иштирокидаги учрашувдан олдин Москвага қарши санкцияларни шошилинч бекор қилмасликка ҳам чақирган.
«Санкциялар суҳбатлашиш имконияти учун эмас, тажовуз учун жорий қилинган. Буни Америка делегациясига ҳам айтдим: Россиянинг мойиллиги ҳақида гапирганда, уни бундай нарх эвазига сотиб олиш керак эмас», — деган у.
Украина раҳбари Путин билан учрашувга санкциялар, маблағлар ёки музлатилган активлар каби таъсир воситаларисиз боришни истамаслигини таъкидлаган. Унинг фикрича, бундай ҳолатда Киевнинг музокаралардаги имкониятлари камаяди.
Ноябрдаги учрашувда Украина энергетика соҳасидаги сулҳ ва Қора денгизда ўт очишни тўхтатиш масалаларини ҳам кўтармоқчи.
Украина ва Россия АҚШ воситачилигида тўғридан тўғри музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирган бўлса-да, делегациялар учрашувининг аниқ санаси ҳали келишилмаган.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков 25 октябр куни Кремл учрашувни 4 ноябрдан кейин ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган.
Аввалроқ Москва эҳтимолий манзил сифатида Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабини, тахминий муддат сифатида эса ноябр ўрталарини кўрсатган. Россия томони бу ҳақда АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан 21 октябр куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган.

















