Reuters агентлиги 23 октябр куни ҳукумат доираларидаги исми ошкор этилмаган манбаларга таяниб хабар беришича, Россиянинг Украинага қарши урушини тугатиш бўйича навбатдаги музокаралар бир неча ҳафта ичида бўлиб ўтиши мумкин.
Учрашувда Украина, Россия ва АҚШ делегациялари иштирок этиши кутилмоқда. Бироқ Киев ва Москва вакиллари бевосита мулоқот қиладими ёки АҚШ воситачилигида музокара олиб борадими — ҳозирча аниқ эмас. Вашингтон вакилига кўра, эҳтимолий музокаралардан кўзланган якуний мақсад олий даражадаги учрашувни тайёрлашдир.
Украина президенти Володимир Зеленский 23 октябр куни АҚШдаги Hudson Institute таҳлил марказида видеомулоқот орқали сўзга чиқиб, музокара гуруҳлари даражасида уч томонлама учрашув ўтказиш бўйича келишув борлигини билдирди.
«Ноябрнинг биринчи ярмида учрашишни режалаштиряпмиз. Биз исталган куни, ҳатто эртагаёқ учрашишга тайёрмиз. Аммо ҳаммаси россияликларга боғлиқ», — деди у.
Зеленскийнинг таъкидлашича, асосий масалаларни фақат давлат раҳбарлари ҳал қила олади. Шу боис техник даражадаги уч томонлама музокаралардан етакчилар учрашувига ўтиш зарур.
Кремл эса бундан сал олдин музокаралар ноябрнинг биринчи ярмида Абу-Дабида ўтказилишини маълум қилган эди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, учрашувда уруш тугаганидан кейин Россия ва Украина хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинади. У Европа Иттифоқи вакиллари музокараларда қатнашмаслигини ҳам айтган.
Бундан икки кун аввал Владимир Путин Санкт-Петербургда АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткоффни қабул қилган. Учрашувдан сўнг Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Москва АҚШ ва Украина билан уч томонлама музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирган.
Украина, Россия ва АҚШ делегациялари аввал ҳам Абу-Дабида икки марта ёпиқ музокара ўтказган: биринчи учрашув 23–24 январ, иккинчиси 4–5 феврал кунлари бўлиб ўтган. Уларнинг ҳеч бири урушни тугатиш йўлида жиддий силжишга олиб келмаган.

















