Ўзбекистон миллий жамоаси сафида мундиалда ёрқин ўйин намойиш этган 19 ёшли ҳимоячи Беҳруз Каримов ёзги трансферлар ойнаси вақтида Швейцариянинг “Лугано” клуби аъзосига айланди. У клуб билан 5 йиллик шартнома имзолади. Каримов жамоага келиши билан асосий таркибда майдонга тушишни бошлади ва ҳозиргача 4 та ўйинда қатнашди. Жорий мавсум 7 та ўйиндан 6 тасида ғалаба қозонган ва 1 тасида дуранг қайд этган “Лугано” Швейцария чемпионати пешқадами бўлиб турибди.

Мослашув ҳақида

Футболчи жамоага жуда тез мослашиб кетганини айтди.

“Кутганимдан ҳам тезроқ мослашиб кетдим. Мураббий ва жамоадошларим жуда яхши кутиб олишди. Тил билан бироз муаммо борлигини билишгач, менга ёрдам беришни бошлашди. Тезроқ мулоқотга киришиб кетишим учун ҳамма қўлидан келганича ёрдам беряпти. Ҳозир мослашиш давридан ўтдим”, — дейди Каримов.

Нега айнан “Лугано”?

Беҳруз нима учун айнан “Лугано” клубида танлов қилгани ҳақида гапириб, асосий мақсад Европа клубида ўйин амалиётига эга бўлиш ва ривожланишда давом этиш бўлганини таъкидлади.

“Биз танлов қилишдан олдин барчасини яхшилаб ўйлаб олдик. Европага кетгандан сўнг, захира ўриндиғида ўтириб қолишни истамадик. Шу боис, ёшларга ўйин амалиёти берадиган “Лугано” варианти бизга маъқул келди. Уларнинг ўйин услуби ҳам бизга манзур келди”, — дейди ҳимоячи.

Машҳурлик ҳақида

Беҳруз Наманган вилоятида туғилган. Бу ҳудуддан Одил Аҳмедов, Одил Ҳамробеков, Умарали Раҳмоналиев каби таниқли футболчилар етишиб чиққан. Машҳурлик масаласида гап кетаркан, футболчи бу борада фикр билдирмаслигини, бор диққат-эътиборини спортчилик фаолиятига қаратганини айтди.

“Ҳар бир ўйинда нимадир ўрганишим ва келажакдаги орзуларимга етишиш учун ҳаракат қилишим керак”, — деди у.

Яқин келажакдаги режалар ва мақсади ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси ҳозирги асосий мақсади футболчи сифатида тажриба орттириш ва топ-5 чемпионатларидан бирига йўл олиш эканлигини қайд этди. Шу билан бирга “Лугано” билан бирга совринлар ютиш истагини ҳам яширмади.