Самарқандда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси давом этмоқда. 18 сентябр куни учинчи тур баҳслари ўтказилди.

Ўзбекистон термалари тўртта ғалабага эришди ва икки марта ютқазди.

Эркаклар ўртасида Ўзбекистоннинг асосий жамоаси Австрия термаси устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Нодирбек Абдусатторов Кирилл Алексеенко билан, Нодирбек Ёқуббоев эса Лукас Дотцер билан дуранг ўйнади. Жавоҳир Синдаров Феликс Блохбергерни, Муҳиддин Мадаминов эса Константин Пейрерни мағлуб этди.

Мусобақа фаворити саналаётган АҚШ терма жамоаси Данияни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди. Ғолибликка даъвогарлардан бири Ҳиндистон терма жамоаси Италияни 3:1 ҳисобида енгди. Хитой эса Болгарияни 3,5:0,5 ҳисобида доғда қолдирди.

Ўзбекистон-2 жамоаси Германияга 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўзбекистон-3 эса Марокаш шахматчиларини ишончли — 3,5:0,5 ҳисобида енгди.

Аёллар баҳсида ҳам Ўзбекистоннинг асосий терма жамоаси турнирни ғалаба билан давом эттирди. Ўзбекистон-1 Индонезияни 3:1 ҳисобида мағлуб қилди. Афруза Ҳамдамова ва Гулрухбегим Тоҳиржонова ўз партиясини дуранг билан якунлаган бўлса, Умида Омонова ҳамда Нилуфар Имомқўзиева рақибларини мағлуб этди.

Иккинчи аёллар терма жамоаси Испанияга 1:3 ҳисобида ютқазди. Ўзбекистон-3 эса Саудия Арабистони устидан 4:0 ҳисобида йирик ғалабага эришди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусобақа мезбони сифатида эркаклар ва аёллар турнирида учтадан жамоа билан қатнашмоқда.

4-тур ўйинлари 19 сентябр куни ўтказилади.

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Самарқандда 27 сентябргача давом этади.