Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги янги «Битирувчилар сифати индекси» (БСИ) таҳлилини эълон қилди. Унда 2025 йил 1 июлдан 2026 йил 30 июнгача бўлган даврдаги маълумотлар олинган. Таҳлил 170 та олий таълим ташкилотини битирган 249,4 минг нафардан зиёд ёшнинг бандлиги, ишга жойлашиш тезлиги, даромади ва ишдаги барқарорлигини ҳисоблаган.
Умумий ҳисобда 170 та ОТМ битирувчиларининг 83 фоизи иш билан таъминланган. Ижтимоий фанлар битирувчиларида 84 фоиз, ижодий-спорт йўналишларида 83 фоиз ва амалий фанларда 82 фоиз битирувчи ишга кирган. Энг паст натижа тиббиёт йўналишида қайд этилган, битирувчиларнинг 75 фоизи ишламоқда. Демак, ҳар тўрт нафар тиббиёт битирувчисидан бири ишга кира олмаган.
Битирувчилар орасида ишга жойлашишда қизлар улуши кўпроқ — 85,1 фоиз, йигитлар улуши 80,4 фоиз бўлган. Аммо маошлар масаласида йигитларда кўпроқ: ўртача иш ҳақи 6 млн сўм, қизларда пастроқ — 3,9 млн сўм экани аниқланган. Умумий битирувчилар бўйича ўртача маош 4,9 млн сўмни ташкил этган.
Умумий ҳисобда битирувчиларнинг биринчи ишига жойлашиши учун ўртача 2 ой 27 кун кетган. Индекснинг умумий кўрсаткичи 100 баллик тизимда 53,4 балл бўлган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори БСИ Навоий вилоятида — 62,5 балл. Сурхондарёда 62,1, Тошкент шаҳрида 59,9 балл қайд этилган. Қорақалпоғистонда эса бу кўрсаткич 49,4 баллни ташкил қилган.













