Хитойнинг кўплаб ҳудудларида одам метапневмовируси билан касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу ҳақда 2 январ куни Хитой Касалликлар назорати ва профилактикаси бошқармаси хабар берди.
Бошқарманинг қайд этишича, ҳозирда мамлакат бўйлаб ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) тарқалиши мунтазам ошиб бормоқда.
23–29 декабр кунларига оид маълумотлар таҳлилига кўра, ЎРВИ орасида грипп анъанавий равишда биринчи ўринда: гриппга ўхшаш аломатларга эга беморлардан олинган намуналарнинг 30,2 фоизида грипп вируси аниқланган (бир ҳафта олдингидан 6,2 фоизга юқори).
Иккинчи энг кенг тарқалаётган ЎРВИ – одам метапневмовируси бўлиб, лаборатор таҳлилларнинг 6,2 фоизида ушбу инфекция аниқланяпти (бир ҳафта олдингидан 0,1 фоизга юқори). Метапневмовирусга чалиниш ҳолатлари 14 ёшгача бўлган болалар орасида кўпайган. Ўсиш кўпроқ Хитойнинг шимолий ҳудудларига тўғри келади.
Гриппга ўхшаш белгилар кузатилаётган беморларнинг 4,9 фоизида риновирус, 3,7 фоизида аденовирус аниқланган.
“Қиш учун одатий ҳол”
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг 3 январ кунги матбуот анжуманида нафас олиш йўллари инфекциялари қиш мавсумида энг юқори чўққига чиқиши одатий ҳол экани, хорижликлар учун Хитойга саёҳат қилиш хавфсиз эканини таъкидлади.
Шифохоналарнинг гавжумлиги ҳақидаги хабарлар тўғрисида сўралганда, у “касалликлар ўтган йилга нисбатан енгилроқ ва кичикроқ миқёсда тарқалаётгани”ни айтди.
Камбоджа Юқумли касалликларни назорат қилиш департаменти метапневмовируси ва Covid-19 ўртасидаги ўхшашликларни қайд этган. Индонезия, Ҳиндистон ва Япония каби қўшни мамлакатларда ОАВ фуқароларни Хитойдаги вазиятдан хабардор бўлишга ва эҳтиёт чораларини кўришга чақирган.
Қозоғистонда – 30 та ҳолат
5 январ куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ўз статистикасини тақдим этди. Вазирлик метапневмовирус янгилик эмаслиги, у классик вируслар қаторида туришини қайд этган.
Статистикага кўра, мамлакатда жорий эпидемик мавсум бошидан (1 октябрдан)дан буён 8360 та ҳолатда респиратор намуналар грипп бўлмаган вирусларга текширилган. Шундан 1866 тасида тест натижаси ижобий бўлган, жумладан, энг кам – 30 та ҳолатда метапневмовирус аниқланган:









