Россия-Украина уруши
Россия парламент сайловларининг сўнгги кунида энг йирик дрон ҳужумларидан бирига учради.
Москва мэри Сергей Собянин шанбадан буён Россия кучлари 1600 дан ортиқ дронни, жумладан, Москвага йўналтирилган 450 та дронни уриб туширганини маълум қилди.
«Ушбу мисли кўрилмаган ҳужум, шубҳасиз, сайловларни бузиш мақсадида режалаштирилган эди. Душман бунга эриша олмади», деди у. Унинг сўзларига кўра, бир нечта дрон нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудигача етиб борган ва биттаси кўп қаватли турар жой биносига урилган.
Москва области губернатори Андрей Воробёвнинг маълум қилишича, эрта тонгдаги ҳужумлар оқибатида уч киши ҳалок бўлган.
Шунингдек, ҳужум оқибатида Москва нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудидаги иншоотга зарар етган. Лекин расмийлар бу ҳақда батафсил маълумот бермади.
Reutersʼга кўра, Украина зарбалари Россия нефтни қайта ишлаш қувватларининг салмоқли қисмини ишдан чиқарди. Натижада Россиянинг кўплаб ҳудудларида нефт маҳсулотлари тақчиллиги, ёқилғи нархининг ошиши ва узун навбатлар юзага келган.
Украина президенти Володимир Зеленский Москва вилоятидаги «нефт саноатининг асосий корхонаси ва логистика объекти»га берилган зарбаларни тасдиқлади. Шунингдек, Зеленский Россияга қарши «Пеликан» (FP-7) тактик ракетаси биринчи бор қўлланганини таъкидлади.
Россия ҳудудига тез орада ракета зарбалари берилишини олдинроқ Украинанинг хусусий мудофаа компанияси Fire Point эълон қилганди. Бу завод Украинанинг асосий ракета ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.
Ўз навбатида Россия ҳам 20 сентябрга ўтар кечаси Украина ҳудудига 138 та дрон билан оммавий зарбалар берди. Якшанба тонгига қадар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Россиянинг 101 та дронини уриб туширган. 17 та дрон нишонларга келиб урилган. Яна 5 та жойда эса уларнинг қолдиқлари қулаган.
Киeв вилояти расмийларига кўра, ҳудудда 5 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, хусусий турар жой бинолари ва битта таълим муассасасига зарар етган.
БМТ ҳафталиги бошланди
Шу ҳафтада жаҳон етакчилари БМТ Бош ассамблеясида нутқ қилиш учун Ню Йоркда тўпланмоқда. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги халқаро тартиб жиддий босим остида қолган, БМТнинг ўзи эса нуфузи учун курашаётган бир шароитда 130 га яқин давлат раҳбари бир жойга жам бўлади.
















