Шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар асосий жамоаси Самарқандда ўтказилаётган шахмат Олимпиадасида ғолибона юришини давом эттирмоқда.

23 сентябр куни 7-тур учрашувлари доирасидаги марказий баҳсда мезбонлар тўртлиги Хитойдан келган рақибларга қарши дона сурди.

Ўзаро баҳс олдидан Хитой Арманистон билан (11 тадан очко тўплаган ҳолда) турнир жадвалида Ўзбекистоннинг (12 очко) энг яқин таъқибчиларидан бири бўлиб турганди.

Дастлаб Жавоҳир Синдаров Вей И билан, Муҳиддин Мадаминов Ҳу Ҳиангю билан дурангга имзо чекди – 1:1.

Ҳал қилувчи баҳсларда эса Нодирбек Абдусатторов 17-жаҳон чемпиони Динг Лиренни, 6-тур қаҳрамони Нодирбек Ёқуббоев Ю Янгюни таслим этди ва якуний ҳисоб 3:1 кўринишини олди.

Бу ғалабадан кейин Ўзбекистон-1 жамоаси очколари сонини 14 тага етказди ва турнир жадвалидаги яккапешқадамлигини давом эттирди.

Ўзбекистон жамоаси 7 турда 7 ғалабага эришган: бунгача Ямайка (4:0), Перу (3,5-1,5), Австрия (3,5-1,5), Туркия (2,5-1,5), Венгрия (4:0) ва Ҳиндистон (2,5-1,5) мағлубиятга учратилганди.