Литва Марказий Осиё фуқароларидан иш ва мамлакатга кириш учун ҳужжатларини қабул қилишни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда 22 сентябр куни мамлакат Миграция департаменти директори Индре Гаспере маълум қилди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан Литвага келаётган ишчилар сони сезиларли даражада ошган. Расмийлар ишга жойлашиш бўйича жуда кўп мурожаат келиб тушгани сабабли янги аризаларни қабул қилиш вақтинча тўхтатганини таъкидлашяпти.
«Иш берувчилар ва ишга жойлашмоқчи бўлган хорижликлар кутилмаларини ҳисобга олиб, ташқи марказлар фаолияти тўхтатилди ва аризалар энди қабул қилинмайди», дея Гасперенинг сўзларини келтирган BNC.
Мазкур қарор меҳнат миграцияси устидан назорат кучайтирилаётган бир пайтда қабул қилинди. 2026 йил сентябр ойи бошида Литвада учинчи давлатлардан келадиган ишчилар учун бир йилга белгиланган 24 минг 706 кишилик квота тўлган. Миграция департаментига кўра, 2026 йил 1 сентябр ҳолатига Литвада қарийб 227 минг нафар хорижлик амалдаги яшаш рухсатномасига эга. Уларнинг 80 минг нафари Украина, 48 минг нафари Беларус, тахминан 13 минг нафардан Россия ва Ўзбекистон фуқароларидир. Шунингдек, мамлакатда 9 мингдан ортиқ Ҳиндистон ва 7 мингдан зиёд Тожикистон фуқароси ҳам бор.













