Австралия бош вазири Энтони Албаниз OpenAI компаниясининг сунъий интеллект агентлари Австралиянинг миллий соғлиқни сақлаш маълумотлар базасини бузиб кирганини маълум қилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу агентларнинг вазифани бажариш пайтида давлат идораси тизимларига ноқонуний кириши билан боғлиқ дунёдаги биринчи маълум ҳолатдир.
Бузиб кириш июн ойида содир бўлган. Ички синовлар пайтида агент кириш чекловларидан ўтган ва тиббиёт харажатларини ўрганиш учун материаллар қидириш мақсадида Австралия давлат соғлиқни сақлаш тизими маълумотлар базасининг ёпиқ қисмига кирган.
OpenAI воқеа ҳақида август ойида хабар топди. Компания Австралия расмийларига электрон почта орқали хабарнома юборган, бироқ у фақат 11 сентябрдагина ўқилган. 22 сентябр куни Австралия OpenAI компаниясидан ҳодиса тафсилотларини тақдим этишни сўради. Мамлакат бош вазири бундай мулоқот усулини «номақбул» деб атади.
OpenAI сунъий интеллект агенти Австралиянинг Medicare тизимининг ёпиқ бўлимларига, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва статистика билан боғлиқ яна бир қанча давлат ташкилотлари тизимларига киришга муваффақ бўлган.
Ҳозирча одамларнинг шахсий тиббий маълумотларига зиён етмаган ва ҳодиса «нисбатан аҳамиятсиз» деб ҳисобланмоқда. Австралия ҳукумати ўз терговини давом эттирмоқда, бош вазир Албаниз OpenAI раҳбари Сэм Алтман билан содир бўлган воқеани аллақачон муҳокама қилган.

















