Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламент) 24 сентябр кунги йиғилишида «Қирғизистон Республикаси президентининг навбатдаги сайловини тайинлаш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.
Шундай қилиб, навбатдаги президентлик сайлови 2027 йил 27 январда бўлиб ўтади.
Қарорни иштирок этган 86 нафар депутатнинг барчаси қўллаб-қувватлади.
Қирғизистон Конституциясининг 80-моддаси 2-қисмига кўра, Жогорку Кенеш президентлик сайловини тайинлаш ваколатига эга.
Сайлов тўғрисидаги амалдаги конституциявий қонунга мувофиқ, навбатдаги президент сайлови амалдаги давлат раҳбарининг ваколат муддати тугайдиган йилнинг январ ойи тўртинчи чоршанбасида ўтказилади ҳамда овоз бериш кунига камида тўрт ой қолганда Жогорку Кенеш томонидан тайинланади.
Амалдаги президент Садир Жапаров номзодини яна бир бор қўйиши мумкин. Конституция бир кишига президентлик курсисини кетма-кет кўпи билан икки муддат эгаллашга рухсат беради. Бундан ташқари, Қирғизистон Конституциявий суди Жапаровнинг жорий олти йиллик муддатини биринчи деб тан олди ва унинг 2027 йилда иккинчи муддатга номзодини қўйиш ҳуқуқини тасдиқлади.
Жапаровнинг ўзи 2026 йил 13 август куни берган интервьюсида шундай деди: «Мен яна бир муддатга номзодимни қўйиш ва ишни давом эттириш ниятидаман».
Жапаров аввалроқ 2027 йилги сайловда қатнашмай, ҳокимиятни Қамчибек Ташиевга топширишни режалаштирганини айтиб берган эди. Унинг сўзларига кўра, Ташиев «ўз атрофидагиларни эплай олмаган». Ташиевнинг ўзи июл ойида 2027 йилги сайловда иштирок этмаслигини маълум қилган эди.

















