24 сентябр куни Манғистау областида Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларининг 19 нафар ҳарбий хизматчиси Каспий денгизига оқиб кетди, деб хабар берди мамлакат мудофаа вазирлиги.
Сўнгги маълумотларга кўра, тўққиз нафар ҳарбийнинг ўлими тасдиқланган. Яна уч киши қутқарилган, шундан бир нафари шифохонага ётқизилган. Қолган ҳарбийларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳарбий идора ҳодисага об-ҳаво кескин ёмонлашиши ва шамол кучайиши сабаб бўлганини билдирди.
Қидирув-қутқарув операциясида Ҳарбий-денгиз кучлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, авиация ва бошқа хизматлар иштирок этмоқда. Мудофаа вазири Даурен Косанов бошчилигидаги Мудофаа вазирлиги комиссияси воқеа жойига йўл олган.
Қозоғистон Бош прокуратураси ҳарбий хизматчилар ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилгани, оператив-тергов гуруҳи тузилганини маълум қилди.
Қозоғистон ҳарбийларининг Каспий денгизидаги «Хазар қўрғони-2026» номли ҳарбий-денгиз машғулотлари 22 сентябр куни бошланганди. Унда Ҳарбий-денгиз кучларининг 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчилари, ҳарбий кемалар экипажлари, қирғоқ бўлинмалари, шунингдек, Қирғоқ қўриқлаш ва ҳаво мудофааси кучлари иштирок этмоқда.

















