Хитой раиси Си Жинпинг чоршанба, 23 сентябр куни АҚШга давлат ташрифи билан етиб келди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, сафар 23–25-cентябр кунларига мўлжалланган. Давлат ташрифи дипломатик протоколнинг энг юқори даражаси ҳисобланади. Си Жинпинг 2015 йилдан кейин ҳам АҚШга келган, бироқ бу сафарлар турли саммит ва учрашувлар доирасида бўлган. Шу боис жорий сафар унинг сўнгги 11 йил ичида Вашингтонга қилган илк давлат ташрифидир.
Хитой раисининг самолёти Вашингтон яқинидаги Эндрюс қўшма ҳарбий базасига қўнди. Доналд Трамп уни шахсан самолёт олдида кутиб олди, ҳолбуки АҚШ президенти хорижий давлат раҳбарларини аэропортда деярли ҳеч қачон қарши олмайди. Айрим нашрлар бу борада май ойидаги ташрифни эслатмоқда. Ўшанда Трамп Пекинга борганида Си Жинпинг аэродромга чиқмаганди.
Аэропортдаги маросим билан ташрифнинг биринчи куни якунланди. Асосий тадбирлар эса АҚШ вақти билан 24 сентябр, пайшанба куни Оқ уйда бўладиган расмий кутиб олиш маросимидан сўнг бошланади.
Саммитдан нима кутилмоқда?
Икки етакчи учун бу ташрифнинг аҳамияти турлича. Reuters ёзишича, Трамп маросимларни хуш кўради ва қудратли етакчилар билан муносабатларини қадрлайди. Шунинг учун бу учрашув у учун муҳим дипломатик имконият бўлиши билан бирга миллий нуфуз масаласи ҳамдир. АҚШ президенти май ойида Хитойда ўзига кўрсатилган катта эҳтиромга муносиб жавоб қайтариш ва Си Жинпингда яхши таассурот қолдиришни мақсад қилган.
Пекин эса ташрифни икки давлат муносабатларидаги муҳим босқич сифатида кўрсатмоқда. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги икки давлат раҳбарларининг олти ой ичида учрашувларини «тарихий ва бурилиш аҳамиятига эга» воқеа деб баҳолади. Си Жинпинг Вашингтонга етиб келгач, Xinhua агентлиги тарқатган баёнотда унинг ўзи муносабатлар янада барқарор бўлишига умид билдирган. У Пекин ва Вашингтон «рақиб эмас, ҳамкор» бўлиши кераклигини, икки давлатнинг тинч-тотув яшашидаги тарихий мантиқ эса ўзгармаганини таъкидлади.




















