Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий Самарқанд мероси юзасидан Ўзбекистон билан келиб чиққан дипломатик баҳсга муносабат билдирди. 26 октябр куни Теҳронда ўтказилган брифингда журналистлардан бири АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга сафари чоғидаги суратларига Эроннинг айрим элчихоналари кинояли постлар билан муносабат билдирганини эслатди.
Савол берувчи бу ҳолат Ўзбекистоннинг айрим расмийларини ранжитгани айтилаётганини қайд этиб, бу воқеалар икки давлат муносабатларига таъсир қилиши мумкинми, деб сўради.
Исмоил Бақоий жавобини «Бир байтни келтиришга ижозат беринг» деган сўзлар билан бошлади ва Рудакийнинг Бухорога бағишланган машҳур шеъридан парча келтирди:
«Мулиён ариғининг иси келмоқда,
Меҳрибон ёрнинг ёди келмоқда.
Эй Бухоро, шод бўл, узоқ яша,
Амир сен томон шодумон келмоқда».
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг жавобини ўз Telegram-каналида эълон қилган:
«Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги ришта ва боғлиқлик бугунги ёки кечаги гап эмас. Самарқанд ва Бухоро, Марказий Осиё, Кавказ ва Ҳиндистон яриморолидаги бошқа кўплаб қадимий жойлар ва шаҳарлар сингари, Эроннинг бошқа халқлар билан умумий тамаддун ва маданий меросининг бир қисмидир. Биз бу умумий мерос билан фахрланамиз. Бу умумий меросни қўшни давлатлар, жумладан, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун замин қилишимиз керак.
Юз берган воқеада айрим элчихоналардаги дўстларимизнинг мурожаати Америка томонига қаратилганди. Улар америкаликларнинг Эрон тамаддуни, маданияти ва тарихига нисбатан кескин гаплари ва қўпол муносабати амалда қанчалик нотўғри ва беўхшов эканини эслатиб ўтмоқчи бўлган. Умумий эроний-исломий меросни минтақанинг ҳар бир бурчагида кўриш мумкин.




















