Quacquarelli Symonds халқаро рейтинг агентлиги эълон қилган натижалар ҳақида «Дунё» ахборот агентлиги вазирлик маълумотларига таяниб хабар берди.

Ўзбекистон олийгоҳлари орасида «ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети етакчи бўлди. У Осиё бўйича 113-ўринни, Марказий Осиёда эса 4-ўринни эгаллади. Ўзбекистон Миллий университети Осиё рейтингида 196-ўринни, минтақавий рейтингда 9-ўринни банд этди.

Юқори натижа қайд этган олийгоҳлар қаторига қуйидагилар ҳам кирди:

  • Самарқанд давлат университети — 215-ўрин;

  • Тошкент давлат иқтисодиёт университети — 255-ўрин;

  • Тошкент давлат техника университети — 281-ўрин.

Жами 19 та Ўзбекистон олийгоҳи рейтингнинг дастлабки мингталигидан жой олди. Жумладан, юқоридаги бешта университетдан ташқари яна 14 та олий таълим муассасаси 469–1000-ўринлар оралиғида қайд этилди. Улар орасида Наманган, Тошкент, Урганч, Қарши, Бухоро, Фарғона, Жиззах ва Нукусдаги олийгоҳлар бор.

Қолган 19 та олий таълим муассасаси 1001+ ўринлар тоифасига кирди. Андижон давлат университети, Марказий Осиё университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Гулистон давлат университети шулар жумласидан.

Вазирликнинг таъкидлашича, натижалар мамлакат олий таълим тизимидаги ислоҳотлар, илм-фан ва таълим интеграцияси ҳамда халқаро ҳамкорлик кенгайиб бораётганини акс эттиради.