Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолигига номзодлигини эълон қилди. Экспертизасиз лойиҳа: пойтахт марказидаги яшил ҳудуд автотураргоҳ учун аукционга чиқарилмоқда. Ўзбекистонда ҳар 100 нафар қиз чақалоққа ўртача 108 ўғил чақалоқ тўғри келмоқда. Биржада пропан қимматлаб кетди. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.
Kun.uzKun.uz
Саида Мирзиёева БМТ минбарида нутқ сўзлади
Ҳафтанинг асосий сиёсий воқеаларидан бири Нью-Йоркда рўй берди: БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасидаги умумсиёсий мунозараларда бу йил Ўзбекистон номидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева сўзга чиқди.
Ўзбек тилида янграган нутқнинг асосий янгилиги – Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2035–2036 йиллардаги доимий бўлмаган аъзолигига номзодини қўйгани бўлди. Саида Мирзиёева, шунингдек, мамлакатимиз келаси йилдан Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилишини эслатиб, кескинлик кучайган бир даврда бу ҳаракатни мулоқот майдонига айлантириш ниятини билдирди.
Нутқда БМТнинг самарадорлиги масаласига алоҳида урғу берилди. “Бизга қарорларни амалга оширишга қодир БМТ керак”, – деди Президент Администрацияси раҳбари.
Шунингдек, олий минбардан Афғонистонга фақат таҳдид манбаи сифатида қарамаслик кераклиги, Орол фожиаси эса табиий офат эмас, узоқ йиллик хато сиёсат оқибати экани ҳақидаги фикрлар ҳам янгради.
Ўзбекистон медиаси ва ютуберлари учун яхши янгилик: YouTube монетизацияси очилиши мумкин.
Саида Мирзиёева 23 сентябрда Google вице-президенти Каран Бхатия билан учрашиб, Ўзбекистонда YouTube монетизациясини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди. Эслатиб ўтамиз, YouTube 2021 йил майидан бери ўзбекистонлик контент муаллифларига даромад тўламайди, Марказий Осиёда бу имконият ҳозир фақат Қозоғистонда бор; ўтган йил декабрида АҚШ элчиси Жонатан Ҳениг бунга шахсга доир маълумотларни маҳаллийлаштириш талаби ва тўлов тизимларидаги чекловлар тўсқинлик қилаётганини айтган эди. Учрашувда Саида Мирзиёева айнан шу соҳалар – шахсга доир маълумотлар ва рақамли тўловлар бўйича қонунчилик яқинда такомиллаштирилганини таъкидлади; Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисобига кўра, монетизация очилса, 20 мингдан ортиқ ўзбек видеоблогери йилига 30–50 млн доллар қўшимча даромад олиши мумкин.
Суюлтирилган газ нархи яна кескин ошди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 17 сентябрдаги кўрсатмаси биржа савдоларида суюлтирилган газни сотиш нархининг ўсишига қўйилган чеклов бекор қилинди. Натижада 17–18 сентябр савдоларида бир тонна пропаннинг улгуржи нархи 7 млн 412 минг сўмдан 12 млн 217 минг сўмга, яъни 64,8 фоизга кўтарилди. Нарх биринчи куннинг ўзида 60,6 фоизга сакраган.
Ишлаб чиқарувчи ва импортчиларнинг бошланғич таклифи тоннасига 7,5 млн сўмдан ошмаслиги ҳақидаги талаб кучда қолди, лекин энди савдо жараёнида нарх юқорига чекловсиз кўтарилиши мумкин. Эътиборлиси, чеклов олиб ташлангач, биржада сотилган газ ҳажми ҳам 666 тоннадан 1114 тоннага – 67 фоизга ошди. Бу нарх қатъий чекланган шароитда сотувчиларнинг бир қисми газни биржага чиқаришдан тийилиб келганини кўрсатиши мумкин. Бошқача айтганда, танқислик муаммоси нарх ҳисобидан ҳал қилинмоқда.
Биржадаги сакраш чакана нархга қандай таъсир қилиши ҳали тўлиқ маълум эмас. Autostrada.uz нашрининг ҳисоб-китобига кўра, август ойида заправкаларда пропаннинг литри 8 800 сўмгача сотилган бўлса, улгуржи нархларнинг кўтарилиши фонида чакана нарх 11 400 сўмдан паст бўлмаслиги мумкин. Бу нафақат пропанда юрадиган автомобиллар эгаларига, балки қиш арафасида табиий газ етиб бормаган ҳудудларда овқат пишириш ва иситиш учун баллондаги газдан фойдаланадиган хонадонларга ҳам таъсир қилади.
Эслатиб ўтамиз, биржада пропан нархига чекловлар 2024 йил ноябрда, бир тонна маҳсулот нархи 10,1 млн сўмдан ошиб кетгач жорий этилганди. Жорий йил 12 январдан эса рухсат этилган ўсиш 20 фоиздан 10 фоизга туширилганди.
Сергели метро линияси тагидаги тадбиркорлар светсиз қолди
Электр узилишлари ҳақида гап кетганда, кўпинча аҳоли хонадонлари назарда тутилади. Бу ҳафта эса Kun.uz Сергели туманидаги тадбиркорларнинг муаммосини ёритди: улар ер усти метроси остидаги янги бинодан ижарага олган дўконларида қарийб икки ойдан бери электр энергиясисиз ўтиришибди.
Тадбиркорларнинг айтишича, дўконлар қоронғи, савдо деярли тўхтаган, ижара ҳақини эса тўлашда давом этиш керак. “Ҳозирги кунда «свет» йўқлиги учун шу пулни қаердан олсам экан, деб ўтирибман”, – дейди ойига 500 доллар ижара тўлайдиган тадбиркорлардан бири. Уларга дастлаб муаммо бир ҳафтада ҳал қилинишини ваъда қилишган, аммо орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ эса вазиятни қурувчи ташкилот ишни охирига етказмагани билан изоҳламоқда. Корхонага кўра, бинога берилган вақтинчалик электр таъминоти фақат қурилиш ишлари учун мўлжалланган, объектни фойдаланишга топширишдан олдин тегишли электр инфратузилмасини яратиш эса қурувчининг мажбурияти. Натижада электр тармоқлари ва пудратчи ўртасидаги масала ҳал бўлмагунча, ижарачи тадбиркорлар бу ўртада қолиб кетмоқда.
Қизиғи, ер усти метроси остидаги майдонларни бизнесга бериш ғояси ҳозир кенг тарғиб қилинмоқда: июл ойи бошида пойтахтни ривожлантиришга бағишланган йиғилишда метро линиялари остида 400 га яқин янги бизнес объекти, жумладан Сергелидаги 8,5 километрлик участкада 137 та объект ташкил этиб, 1–1,5 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги айтилган эди. Лекин “свет”и йўқ дўкон на иш ўрни, на солиқ беради.
Ҳафта якунида энергетика тизими яна бир синовга дуч келди. 25 сентябр тонгида Сирдарё вилоятида EDF компаниясига тегишли, айни пайтда синов-созлаш ишлари олиб борилаётган 1600 МВт қувватли янги иссиқлик электр станцияси авариявий ўчди. Натижада республиканинг айрим ҳудудларида қишлоқ хўжалиги сув насослари ва хонадонлар электр таъминотида узилишлар кузатилди. Кейинроқ истеъмолчилар босқичма-босқич қайта уланди, масъуллар узр сўради.
Шаҳарга яшил ҳудуд керакми ёки автотураргоҳ?
Пойтахт марказидаги яна бир яшил ҳудуд тақдиридан жамоатчилик хавотирда. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг 14 сентябрдаги қарори билан Миллий кутубхона ортидаги – Hyatt Regency меҳмонхонаси, Мустақиллик майдони ва Молия вазирлиги биноси оралиғидаги 1,3 гектарлик кўкаламзор ҳудуд пулли автотураргоҳ ташкил этиш учун аукционга чиқарилмоқда. Бошланғич нарх – 514,2 млн сўм: ғолиб ҳудуддан 10 йил фойдаланади ва камида 10 млрд сўм инвестиция киритиши керак.
Лойиҳа муаллифлари мавжуд дарахтлар сақланиши, 1000 дан ортиқ янги дарахт ва бута экилиши, пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилишини ваъда қилмоқда. Расмийларга кўра, мақсад – марказдаги машиналар сонини кўпайтириш эмас, мавжуд оқимни тартибга солиш.
Бироқ бу важ кўпчиликни ишонтиролмади. Davletov.uz Telegram-канали муаллифи Қобил Хидиров лойиҳани “кўзни шамғалат қилишдан бошқа нарса эмас” деб атади, журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса бу қарорни “саволли” деб баҳолади. Яна бир экспертнинг фикрича, автомобиллар учун жойлар кўпайгани билан марказдаги юклама камайиши даргумон.
Энг эътиборлиси, лойиҳага давлат идораларининг ўзи ҳам эътироз билдирди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси лойиҳа бўйича экологик экспертиза хулосаси йўқлигини, дарахтлар ва кўкаламзор ҳудудларга таъсир қиладиган ҳеч қандай иш экспертизасиз бажарилиши мумкин эмаслигини маълум қилди. Қўмитага кўра, янги кўчатлар кекса дарахтларнинг экологик ва иқлимий аҳамиятини тўлиқ ўрнини боса олмайди. Урбанизация бўйича миллий қўмита ҳам шаҳар марказидаги яшил ҳудудларни қисқартиришни мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисобламоқда.
Бу баҳс президент ҳузурида “Яшил макон” лойиҳаси муҳокама қилинган кунларга тўғри келгани ҳам эътиборли. 21 сентябрдаги тақдимотда “3-30-300” тамойили илгари сурилди: ҳар бир инсон уйи ёки иш жойидан камида учта дарахтни кўра олиши, турар жой ҳудудининг 30 фоизи дарахтлар соясида бўлиши ва уйдан 300 метр масофада яшил дам олиш маскани бўлиши керак.
Эслатиб ўтамиз, август ойида пойтахт ҳокими илгари автотураргоҳ учун ажратилган кўплаб ерларда бизнес марказлар қурилиб кетганини тан олиб, бундай хатолар такрорланмаслигини ваъда қилган эди. Энди эса тураргоҳ муаммоси шаҳар марказидаги яшил ҳудуд ҳисобидан ҳал қилинмоқчи.
“Энди дарахтни тепса қиз ёғилмайди...”
Ўзбекистонда ўғил болалар қизларга нисбатан сезиларли даражада кўп туғилмоқда. Kun.uz очиқ маълумотлар асосида ўтказган таҳлилга кўра, 2010–2025 йилларда мамлакатда 12 млн 487 минг чақалоқ дунёга келган, шундан 6 млн 482 минги ўғил, 6 млн 4 минги қиз. Яъни 16 йилда ўғил болалар 478 мингга кўп туғилган: ҳар 100 нафар қиз чақалоққа ўртача 108 нафар ўғил бола тўғри келмоқда. Бу тафовут энг катта бўлган йил – 2018 йил (ўғил болалар 10,4 фоиз кўп туғилган), энг кичиги – 2025 йил (7 фоиз).
Ҳудудлар кесимида фарқ Қашқадарё (8,98 фоиз), Наманган (8,64 фоиз) ва Жиззахда (8,33 фоиз) энг юқори, Қорақалпоғистонда (6,76 фоиз) эса энг паст. Шаҳарлар орасида Оҳангарон (16,4 фоиз) ва Бекобод (12,1 фоиз) алоҳида ажралиб туради.
Қайд этиш керак, туғилишдаги табиий нисбат одатда ҳар 100 қизга 104–106 ўғил атрофида бўлади. Ўзбекистонда кўрсаткичнинг узоқ йиллардан бери бу чегарадан юқори сақланиб келаётгани расмий изоҳ ва чуқурроқ тадқиқот талаб қилади: халқаро амалиётда бундай оғиш кўпинча ҳомиланинг жинсини олдиндан аниқлаб, танлаб туғиш ҳолатлари билан боғлиқ ҳолда ўрганилади.
Бунинг устига, туғилишлар сонининг ўзи ҳам камаймоқда. Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилда 879,6 минг чақалоқ туғилган – 2024 йилга нисбатан 46,8 мингта кам. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса 373,4 минг чақалоқ дунёга келган, бу ўтган йилнинг шу давридагидан 32,1 мингта (7,9 фоиз) кам. “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти прогнозига кўра, йил якунида бу рақам 800 минг атрофида бўлиши мумкин.
Демографик ўзгаришлар ўтган ҳафта муҳокамага қўйилган пенсия ислоҳоти лойиҳасида ҳам асосий далил сифатида келтирилган эди: ҳозир ҳар бир пенсионерга атиги иккита ишловчи тўғри келади, 2040 йилга бориб эса пенсионерлар улуши аҳолининг 11 фоизидан 15 фоизига етиши кутилмоқда. Туғилишнинг пасайиши келажакда бу нисбатни янада оғирлаштириши мумкин.
Ҳарбий идораларда “рокировка”
Ҳарбий соҳада бу ҳафта бир қатор кадрлар ўзгаришлари бўлди. 22 сентябрда президент фармонлари билан Мудофаа вазирининг икки янги ўринбосари тайинланди. Шу пайтгача бўш турган қурол-яроғ ва ҳарбий-техник таъминот бўйича ўринбосар лавозимини Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Қуруқлик қўшинлари институти бошлиғи бўлиб келган полковник Қаҳрамон Зоидов эгаллади.
Вазирликда янги жорий этилган – коррупцияга қарши комплаенс ва ички назорат бўйича ўринбосар лавозимига эса бунгача ҳарбий прокурорнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган адлия полковниги Жаҳонгир Муратов тайинланди.
Шу куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мудофаа саноати қўмитасига ҳам янги раис – шу пайтгача Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигини бошқариб келган Акмал Жуманазаров тайинланди. Қурол-яроғ таъминоти ва коррупцияга қарши назорат бўйича алоҳида ўринбосарларнинг бир вақтда тайинлангани эса эътиборга молик.
Эслатиб ўтамиз, август охирида Мудофаа вазирлиги Хитойдан олинган J-10CE қирувчи самолётларини илк бор намойиш қилган эди.
Қорақалпоғистон ва Андижонда янги лойиҳалар
Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларга сафарларини давом эттирди. Ўтган ҳафта охирида Қорақалпоғистонда бўлган давлат раҳбари 23–24 сентябр кунлари Андижон вилоятига ташриф буюрди. Андижонда умумий қиймати 9,4 млрд доллар бўлган 206 та лойиҳага старт берилди: улардан 98 таси (2,05 млрд доллар) ишга туширилди, 108 тасининг (7,35 млрд доллар) қурилиши бошланди.
Қорақалпоғистонда эълон қилинган 7,6 млрд доллардан эса 592 млн доллари тайёр объектларга, қолгани хорижий шериклар билан энди бошланаётган лойиҳаларга, жумладан Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси қурадиган 1,5 гигаваттлик шамол электр станциясига тўғри келади.
Бошқача айтганда, бундай тадбирларда янграйдиган маблағнинг асосий қисми ҳали қурилиши энди бошланаётган лойиҳаларга тегишли – уларнинг ҳақиқий самарасини эса йиллар ўтиб кўрамиз.