Naked Science нашри хабарига кўра, бино Антонов-Овсеенко кўчасида, истиқболдаги «Сити-2» мажмуаси ҳудудида жойлашади. Лойиҳани «Меганом» архитектура бюроси ишлаб чиққан.
Осмонўпар бино ер устидаги 95 ва ер остидаги беш қаватдан иборат бўлиши режалаштирилган. Унда 1 018 та квартира жойлашади. Мажмуанинг умумий майдони 225 минг квадрат метрдан ошади.
Лойиҳанинг расмий визуал тасвирлари ҳозирча эълон қилинмаган. Бироқ аввал тарқалган концепциялар ташқи кўриниши жиҳатидан «Женга» стол ўйинидаги конструкцияга қиёсланган. Архитектура ечимида бир-бирига нисбатан силжитиб жойлаштирилган, ташқарига чиқиб турувчи қисмлар, террасалар, лоджиялар ва балконлар кўзда тутилган.
Нашр маълумотига кўра, қурилишни «Донстрой»нинг собиқ ҳаммулкдори Максим Блажко ва Промсвязьбанк тузилмалари билан боғлиқ компания амалга оширади.
Хабарда қайд этилишича, Европанинг энг баланд биноси Санкт-Петербургдаги 462 метрли «Лахта Центр» бўлиб қолмоқда. Москвадаги янги лойиҳа эса айнан турар жой бинолари тоифасида рекорд ўрнатиши кутилмоқда.
Шунингдек, август ойида Россиянинг «Главгосэкспертиза» идораси «Лахта Центр — 2» лойиҳа ҳужжатларига ижобий хулоса берган. Мажмуанинг иккинчи минораси баландлиги 703 метр бўлиши режалаштирилган.

















