Naked Science хабарига кўра, RTX таркибига кирувчи Pratt & Whitney компанияси GTF Advantage турбовентиляторли двигатели фойдаланишга киритилганини эълон қилган. Янги версияни жорий этиш Airbus A320neo оиласи самолётларининг самарадорлигини ошириши кутилмоқда.
Airbus A321XLR — 8 700 километргача масофани босиб ўта оладиган тор фюзеляжли узоқ масофага учувчи лайнер. У аввал бундай турдаги самолётлар билан хизмат кўрсатиш қийин бўлган йўналишларда парвозларни амалга ошириш учун яратилган.
RTX маълумотига кўра, GTF Advantage A321XLRʼнинг ишончлилигини ошириш, тортиш кучини кўпайтириш ва янада узоқ масофали рейсларни бажариш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади. Бироқ янги двигател билан парвоз масофаси қанчага ошиши ҳақида аниқ кўрсаткич келтирилмаган.
Таъмиргача ишлаш муддати узайтирилган
Янги двигателнинг асосий хусусиятларидан бири — чидамлилиги оширилгани. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, унинг техник хизмат кўрсатишгача ишлаш муддати амалдаги версияга нисбатан икки бараваргача кўп бўлиши мумкин.
Шунингдек, GTF Advantageʼнинг юқори ҳароратда ишлайдиган қисмлари такомиллаштирилган. Компания уни тор фюзеляжли самолётлар двигателлари орасидаги энг илғор «иссиқ қисм» деб таърифламоқда.
Конструкциядаги ўзгаришларга қарамай, GTF Advantage мавжуд GTF версияси билан мосликни сақлаб қолган. Бу ҳар икки турдаги двигател ўрнатилган самолётлардан фойдаланувчи авиакомпаниялар учун эксплуатацияни енгиллаштириши мумкин.

















