Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси кўмагида Habib Rafiq Engineering (HRL) компанияси делегациясининг Ўзбекистонга навбатдаги ташрифи ташкил этилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Ташриф доирасида компания раҳбарияти Хоразм вилоятида бўлиб, вилоят ҳокимлиги билан Хива шаҳрида «ақлли шаҳар» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича англашув меморандумини имзолади.
Мазкур келишув қадимий Хива шаҳрини кенгайтириш доирасида янги замонавий шаҳар ҳудудини барпо этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш йўлидаги дастлабки муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Режага кўра, янги «ақлли шаҳар»да замонавий муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси, коммунал тизимлар ҳамда барқарор шаҳарсозлик ечимларини жорий этиш кўзда тутилган.
Лойиҳа Хива шаҳрининг тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаган ҳолда замонавий шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, у маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда инновацион ечимларни кенг жорий этишни назарда тутади.
Компания вакилларининг таъкидлашича, HRL Марказий Осиёда «ақлли шаҳар»ларни режалаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт тармоқлари, коммунал тизимлар ва экологик барқарор шаҳар ечимлари бўйича ўз тажрибасини қўллашни режалаштирмоқда.
HRL вакили Халид Таймур лойиҳа оддий шаҳарсозлик ташаббусидан кенгроқ аҳамият касб этишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ташаббус замонавий инфратузилма, иқтисодий ўсиш, технологик инновациялар ва экологик барқарорликни Хиванинг тарихий қиёфаси ва маданий мероси билан уйғунлаштиришни кўзда тутади.
Компания Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва лойиҳани биргаликда амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирган.
Habib Rafiq Engineering Покистонда йирик инфратузилма ва «ақлли шаҳар» лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасига эга. Компания иштирокида мамлакатда Capital Smart City Islamabad ва Lahore Smart City каби йирик шаҳарсозлик лойиҳалари амалга оширилган.
Хивадаги янги лойиҳа амалга оширилиши Хоразм вилоятида замонавий шаҳарсозликни ривожлантириш, янги инвестицияларни жалб қилиш, транспорт ва коммунал инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.









