"Жазони оғирлаштириш тўлиқ ечим эмас": Фаоллар Намангандаги боғчада боланинг зўрлангани ҳодисаси ҳақида
|20:0017311 мин
Наманганда 5 ёшли қизалоққа нисбатан содир этилган жиноят жамиятда яна бир оғриқли саволни кун тартибига чиқарди: болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш учун қандай жазо керак? Ҳуқуқ фаоллари ва ҳуқуқшунослар муаммонинг илдизи жазодан анча чуқурда эканини айтмоқда.
Беш ёшли қизалоққа нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик Ўзбекистонда катта жамоатчилик резонансига сабаб бўлди. Гумонланувчи қўлга олинди, иш Бош прокуратура назоратига олингани маълум қилинди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бола ва унинг оиласи бошқа вилоятга кўчирилиши ҳамда оила иш билан таъминланишини маълум қилди. Шу билан бирга, жамиятда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазони янада кучайтириш, жумладан, ўта оғир ҳолатларда умрбод озодликдан маҳрум қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов эса Ўзбекистон бу масалада анча кечикканини таъкидлайди.
«Негадир парламент ва депутатлар бу масалага етарлича эътибор қаратмади»
Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик мавзуси узоқ йиллар давомида жамиятда очиқ муҳокама қилинмаган.
«Ўзбекистонда педофилия жиноятларининг хусусиятларини ўрганадиган бўлсак, бу биз учун аввалдан табу мавзу бўлган. Бу жиноятлар совет даврида ҳам, бошқа даврларда ҳам очиқ муҳокама қилинмаган. Шунга қарамай, бундай жиноятлар доим содир этиб келинган. Шу нуқтаи назардан бу жиноятларнинг тарихий илдизларини ҳам ўрганиш керак. Айниқса, 2023 йилда Хоразмда етимхонадаги қизларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ воқеалар ижтимоий тармоқларда катта резонанс берди. Шундан кейин 2023 йил апрель ойида Жиноят кодексининг 118-моддасига 4-қисм киритилди. Унга кўра, 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий жиноят содир этганлик учун жавобгарлик 15 йилдан 20 йилгача этиб белгиланди.
Ҳозир Саида Мирзиёева томонидан илгари сурилаётган ҳуқуқий ислоҳот — педофилия жиноятлари учун умрбод жазо белгилаш таклифи ҳам ҳуқуқий жиҳатдан муҳокама қилиниши мумкин. Чунки жиноят қонунчилигимизда терроризм, одам ўлдириш каби ўта оғир жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд.
Биз бу масалада бироз кечикдик. Чунки етимхоналар, меҳрибонлик уйларида бундай жиноятлар содир этилгани ҳақида маълумотлар бор. Марғилон, Қўқон, Чиноз ва айрим хусусий меҳрибонлик уйларида ҳам шундай ҳолатлар қайд этилган. Биз инсон ҳуқуқлари ташкилоти сифатида болаларга нисбатан жинсий зўравонликка оид алоҳида ҳуқуқий нормаларни ишлаб чиқиш ва уларни жиноят қонунчилигига киритиш бўйича таклифларни доим бериб келдик. Лекин, нимагадир, парламент ва депутатлар бу масалага етарлича эътибор қаратмади.
Бугун эса жамоатчиликни ларзага солган яна бир воқеа содир бўлди. Афсуски, биз бу ҳодиса олдида ҳам ҳозир ожизмиз».
Жазо бор, аммо жиноятлар қандай таснифланяпти?
28 сентябрь куни бўлиб ўтган ЎзЛиДеП йиғилишида маълум қилинишича, 2023 йилда вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 56 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда 141 та материал келиб тушган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса 44 та шундай материал қайд этилган.
Шу билан бирга, йиғилишдаги таҳлилларда айрим ҳолатларда жиноят аломатлари бўлиши мумкин бўлган қилмишлар маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида расмийлаштирилгани, сўнгги уч йилда 44 та ҳолатда жиноятлар яширилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида тақдим этилгани айтилган. Бу эса жазонинг мавжудлигидан ташқари, жиноятларни дастлабки босқичда қандай баҳолаш ва расмийлаштириш масаласи ҳам муҳимлигини кўрсатади.
«Реестр ҳақида уч йилдан бери гапирамиз, натижа эса йўқ»
Ҳуқуқшунос Комила Абдуллаева болаларга нисбатан жинсий жиноят содир этган шахслар реестрини юритиш масаласи бир неча йилдан бери муҳокама қилинаётганини айтади.
«2023 йилдан бери кенг жамоатчилик болаларга нисбатан шундай зўравонлик қилганлар реестри юритилишини сўраб келади. Айниқса, ривожланган давлатларнинг кўпчилигида бундай амалиёт бор. 2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикасида 869-сонли қарор билан бу масала бўйича ҳуқуқий асос яратилиши айтилди. Кейин Бош прокуратура ҳам хабар берди. 2024–2025 йилларда ҳам шу каби лойиҳалар ҳақида гаплар бўлди. Лекин биз ҳали ҳам кутяпмиз. Ҳозирча натижа йўқ.
Бу тоифадаги жиноятлар, афсуски, тарихдан ҳар доим бўлган. Мен амалиёт даврида шундай оғир жиноятларга оид ҳолатларга дуч келганман. Айрим ҳолатлар оммавий ахборот воситаларига ҳам чиқмаган».
«Тошкент вилоятида маняк 28 та қизчани зўрлаб ўлдирган»
Комила Абдуллаева бунга мисол сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органда ишлаган устозидан эшитган воқеани айтиб ўтди. Унинг айтишича, ўша даврда Тошкент вилояти прокуратурасида ишлаган устози бир шахснинг 28 нафар қизалоқнинг
«Бу тоифадаги жиноятлар афсуски тарихдан ҳар доим бўлган. Раҳматли устозимнинг қандли диабетлари бор эди. Кузатишимча органда ишлаганларнинг кўпи ё инфаркт, ёки инстулт, ё қандли диабет орттирган. 6065 ёш орасида вафот этишларам кўп учрайди. Устозимдан бу касалга чалиниш сабабини сўраганимда «битта маняк туфайли орттирганман» дедилар. Ўша маняк 28 та қизчанинг умрига зомин бўлган. Биз ҳаммамиз шокда қолдик.
Устозимиз айтаётган гап реал факт, ўша пайтда Тошкент вилояти прокурори эдим дедилар. Биринчи куни 8 та ёки 9 та қизчани зўрлайди, қурбонни ўлдиради. Улар манякнинг изини йўқотишади. Иккинчи куни қурбонлар 20 тага яқинлашиб қолади. Қонунга кўра, агар ўта оғир ёки шунақа фавқулодда ҳолат бўлса Бош прокурор зудлик билан президентга ёки сенатга ҳисобдор, дарҳол хабар бериши керак. Ўша пайтда президент Ислом Каримовга етиб борган бу гап. Шахсан ўзи телефон қилиб «Сенга бир кун муҳлат, топсанг топ, бўлмаса ўзингни ўлдиргин» деган. Шундан кейин катта армия жалб қилинади ўша изни йўқотмаслик учун. Ўша куни маняк тўққизинчи қизни зўрлади-ю, лекин ўлдиришга улгурмаган бўлган пайтда ушланган. Ушланди деган хабар келганда йиқилган устозим. Кўзларини очганда шифохонада бўлган. Шунда «сахар»ингиз ошиб кетибди дейишган ва ўзларига келишлари қийин бўлган.
Менинг ҳаётимда эшитган энг ўта ваҳший жиноятлардан биттаси шу. Ҳали бундан оғир кейсни эшитмаганман. Ҳақиқатдан ҳам оғир кейс ва энди ўзимча ҳозирги фикрим билан ўйлайман, агар биринчи куни шу нарса оммавий ахборот воситасида эълон қилинганда, балки бошқа қизлар тирик қолармиди деб».
Наманган воқеасида муассаса масъуллари ҳаракатларига ҳам баҳо берилиши керак
Намангандаги воқеада жиноят содир этилишига шароит яратиб берган боғча мудираси ва тарбиячи билан меҳнат шартномаси бекор қилингани маълум қилинди. Аммо ҳуқуқшуноснинг фикрича, масала меҳнат шартномасини бекор қилиш билан чекланмаслиги керак.
«Агар улар ишини тўғри ташкил қилган бўлса ва айби бўлмаса, албатта. Лекин бу ҳолатда ҳуқуқий баҳо берилишига ишонаман. Чунки бу ерда уларнинг мансаб мавқеи билан боғлиқ масъулияти ҳам бор. Масалан, болалар қаерда, кимнинг назоратида бўлган? Камералар ишлаши керакмиди? Назорат қандай ташкил этилган?
Яна бир муҳим масала бор: оммавий ахборот воситаларига берилган дастлабки маълумотлар. Воқеа ҳақида биринчи бўлиб Kun.uz ёритганида, муассаса вакиллари бундай ҳолат бўлмаганини, бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини айтган. Тарбиячи эса болаларни бир дақиқа ҳам кўздан қочирмаганини билдирган.
Лекин шундай ҳолатларда масъулиятни ҳам текшириш керак. Мансабга совуққонлик, бепарволик ёки бола хавфсизлиги билан боғлиқ вазифаларнинг бажарилмагани учун ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши мумкин».
Ўлим жазоси эмас, тизимли ёндашув
Президент администрацияси раҳбари болаларга нисбатан оғир жиноятлар учун жавобгарликни максимал кучайтириш бўйича таклиф тайёрланаётганини билдириб, бундай жиноятлар учун ўлим жазоси қўлланиши кераклиги ҳақида фикр билдирди. Бу баёнотдан кейин яна бир савол пайдо бўлди: Ўзбекистонда педофилия учун ўлим жазоси қайтарилиши мумкинми?
Абдураҳмон Ташанов бу таклифни ҳуқуқий нуқтаи назардан изоҳлади:
«Ҳозир айрим жамоат ва давлат арбоблари томонидан умрбод жазо бериш ёки ўлим жазосини тиклаш каби чақириқлар янграмоқда. Аслида буни эмоционал вазият ва кайфиятдан келиб чиққан таклифлар сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон педофилия жиноятлари учун ўлим жазосини тиклай олмайди. 1998 йилда ўлим жазосига мораторий эълон қилинган, 2008 йилдан бошлаб эса ўлим жазоси Ўзбекистонда бекор қилинган. Бунга халқаро ҳуқуқий мажбуриятлар ва нормативлар ҳам таъсир қилган. Шу нуқтаи назардан, жазони кучайтиришдан ягона мақсад жиноятчиликнинг олдини олиш бўлиши керак. Бунинг учун педофилия жиноятларининг келиб чиқиш сабаблари, динамикаси ва хусусиятларини ҳам ўрганиш зарур. Керак бўлса, илмий тадқиқотлар олиб борилиши керак.
Афсуски, масала фақат қонунчиликни кучайтириш билан ҳал бўлмайди. Болалар ва ёшларга нисбатан давлат сиёсатини такомиллаштириш нуқтаи назаридан ҳам жиддий ислоҳотлар керак. Масалан, ҳозир Намангадаги шахсга нисбатан қўшимча жиноятлар, жумладан, 112-модда билан боғлиқ айбловлар қўйилгани айтилмоқда. Аммо бундай қўшимча айбловларни шахсга юклашнинг ўзи билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Унинг адвокати бу ҳолатларни инкор қилиши мумкин. Бу эса ҳуқуқий жараённи келтириб чиқаради. Судлар жамоатчиликнинг кайфияти ёки сиёсий талаблар билан эмас, процессуал қонунчилик асосида иш кўради.
Шунинг учун ҳозир Намангандаги шахсга нисбатан умрбод қамоқ жазосини қўллаб бўлмайди. Амалдаги қонунчиликда бундай жиноятлар учун энг юқори жазо 20 йилгача бўлган озодликдан маҳрум қилишдир.
Болалар омбудсмани каби институтлар, Бош прокуратура ҳузуридаги вояга етмаганлар бўйича комиссиялар фаолиятини қайта кўриб чиқиш керак. Умуман, болаларга нисбатан давлат сиёсатини қайта кўриб чиқиш зарур. Агар педофилия жиноятларининг хусусиятларини ўрганадиган бўлсак, таълим муассасалари, мактабгача ва мактаб таълими тизимига алоҳида эътибор қаратиш керак. Педагоглар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиши зарур. Чунки кўп ҳолларда менталитет, фарзанднинг келажаги ёки «маҳалла-кўй нима дейди» деган қарашлар туфайли бундай жиноятлар яширилади.
Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ тизимида қонунчиликка оғишмай амал қилиш, судларнинг мустақиллиги ва шаффофлиги масалалари ҳам бор».
Қонун кучаяди. Тизим-чи?
29 сентябрь куни депутатлар болаларга нисбатан ўта оғир жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Лойиҳада нафақат жазони кучайтириш, балки бундай жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, масъул ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш ҳам кўзда тутилган.
Бу жамоатчилик муҳокамасидаги асосий саволни яна бир бор кун тартибига чиқаради: жазони кучайтиришнинг ўзи болани ҳимоя қила оладими?
Ҳар бир оғир воқеадан кейин жарангдор баёнотлар ва кескин талаблар янграши мумкин. Аммо жамоатчиликка, аввало, воқеадан кейинги реакция эмас, кейинги ҳолат юз бермасдан болани ҳимоя қиладиган ишлайдиган тизим керак.