Хоразмда оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари Х.Ю. ўз васийлигидаги 3 нафар вояга етмаган қизни 2021 йил майдан 2022 йил февралгача, яъни 10 ой давомида турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган. Мижозлар вилоят адлия бошқармасининг бошлиғи ҳамда туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи экани айтилмоқда. Эркаклар кўрсатилган “хизмат” эвазига мудирани турли миқдордаги пул билан сийлашган, меҳрибонлик уйига ҳомийлик ёрдами сифатида мебел, офис жиҳозлари, озиқ-овқат, ичимлик ва ширинликлар олиб беришган.
Мазкур жиноят фош этилган ва судга оширилган. Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азизхон Обидов Kun.uz сўровига жавобан шундай мазмундаги иш судда кўрилганини тасдиқлади. Бироқ иш ёпиқ суд мажлисида кўрилгани учун тафсилоти очиқланмаслиги, қонун бунга йўл қўймаслигини билдирди.
“Сукут сақлама” лойиҳаси жиноят ишига доир айрим тафсилотларни очиқлаган. Маълум бўлишича, вилоят адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи М.А. мудиранинг муаммоларини ҳал қилишда ўз ваколатларини ишга солишга ваъда беради. У 2021 йил апрель ойида меҳрибонлик уйига хайрия сифатида принтер совға қилади (тергов давомида қурилма вилоят адлия бошқармаси балансида бўлгани, меҳрибонлик уйи келгунига қадар ҳам яхшигина ишлатилгани, кейинчалик яроқсиз ҳолга келгани аниқланган).
Қайд этилишича, “хайрия” қилганидан бир неча ҳафта ўтгач, эркак меҳрибонлик уйи раҳбаридан унга жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз топиб беришни талаб қилган. Шунда мудира 17 яшар етим қиз Раънони (исми ўзгартирилган) танлайди ва уни оч қолдириб, бошқа болалардан ажратиб қўяди, ташқарига чиқишини тақиқлайди. У руҳан мудиранинг ҳар қандай буйруғига тайёр бўлди деб ҳисоблаган аёл вилоят адлия бошқармаси бошлиғи қизга 250 минг сўмлик спорт оёқ кийими олиб бергани, шу боис энди у билан жинсий алоқа қилишга мажбурлигини уқтиради. Адлия бошқармаси томонидан вилоят адлия бошқармаси ходимларига хизмат уйи сифатида ажратилган хонадон адлия бошқармаси бошлиғининг вояга етмаган қизлар билан шаҳвоний учрашувига макон вазифасини ўтайди.
2021 йил май ойи бошида меҳрибонлик уйи мудираси ўша пайтда 15 ёшли Азиза (исм ўзгартирилган)ни таниш эркак билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Қиз бунга қаршилик кўрсатганда мудира ошхонадан ўқлов олиб келиб, барча болаларнинг кўз ўнгида қизнинг укасини калтаклаган. Шу тариқа қизнинг иродасини синдирган мудира уни ўша куни танишининг, кейинчалик эса бошқа эркакларнинг қучоғига киритишга муваффақ бўлган.













