«Дунё» ахборот агентлигининг Kazinform нашрига таяниб хабар беришича, ташаббус Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон — CASA йўналишини қамраб олади.

Лойиҳанинг асосий мақсади Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги темирйўл алоқаларини кучайтириш, халқаро юк ташиш ҳажмини ошириш ҳамда савдо ва логистика имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Йўналиш орқали Покистон денгиз портларига чиқиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда.

Меморандум доирасида лойиҳанинг техник ва иқтисодий жиҳатлари ўрганилади. Жумладан, зарур инфратузилмани ривожлантириш имкониятлари, молиялаштириш механизмлари ва лойиҳани амалга ошириш шартлари баҳоланади.

Томонлар CASA лойиҳасини батафсил ишлаб чиқиш учун махсус ишчи гуруҳ тузиш имкониятини ҳам муҳокама қилган.

Ташаббусда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг мавжуд темирйўл тармоқлари ҳамда транзит салоҳиятидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. БАА эса транспорт, логистика ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тажрибаси билан иштирок этиши кутилмоқда.

Ҳозирча хабарда лойиҳанинг қиймати, қурилишни бошлаш ва якунлаш муддатлари келтирилмаган. Имзоланган меморандум лойиҳани биргаликда ўрганиш ва ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни назарда тутади.