Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 526-сон қарори билан касбий таълим соҳасига оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.

Қарор билан:

  • касбий таълим тўғрисидаги низом;

  • касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби;

  • касбий таълим ташкилотларига педагог кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби;

  • касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг билимини баҳолаш тартиби тасдиқланди.

Янги низомлар Ўзбекистонда касбий таълимни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди. Уларнинг талаблари барча касбий таълим ташкилотларига татбиқ этилади.

Ҳужжатга кўра, касбий таълим иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари, устувор вазифалари, замонавий техник ва технологик тенденциялар, шунингдек, меҳнат бозоридаги ўрта бўғин кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.

Таълим жараёни иш берувчиларнинг таклифлари ҳамда «ҳаёт давомида таълим олиш» тамойили асосида йўлга қўйилади. Бу фуқароларга муайян касб ёки мутахассислик бўйича билим ва кўникмаларни эгаллаш имконини беради.

Низомда «академик қарздор», «билим», «бошланғич касбий таълим дастурлари», «буюртмачи техникум», «инклюзив таълим дастури», «квалификация», «компетенция», «кўникма» ва бошқа тушунчаларга аниқ таърифлар берилган.

Касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларга бошланғич касбий таълим, ўрта касбий таълим ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича билим беради. Техникумлар эса ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакасини ошириш учун ташкил этилади.

Шунингдек, инклюзив таълим дастурлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг алоҳида эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Бундай дастурларда мослаштирилган таълим дастурлари, махсус педагогик ёндашувлар ва қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари назарда тутилади.

Қарор билан илгари қабул қилинган айрим ҳукумат қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Айрим қарорлар эса ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.