Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 84,1 млрд долларни ташкил этди. Бу бир йил аввалгидан 11,9 млрд долларга ёки 16,5 фоизга кўп. Давлат қарзи 41,7 млрд долларга, корпоратив қарз 42,4 млрд долларга етган. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида келтириб ўтилган.
2025 йилнинг 1 июлидан 2026 йилнинг 1 июлигача бўлган даврда давлат ташқи қарзи 36,8 млрд доллардан 41,7 млрд долларгача ёки 13,3 фоизга ошган. Корпоратив ташқи қарз эса 35,4 млрд доллардан 42,4 млрд долларгача ёки 19,8 фоизга кўпайган. Йил бошидан буён бу кўрсаткичлар мос равишда тахминан 1,2 млрд ва 700 млн долларга ўсган.
«Корпоратив ташқи қарз таркибида хусусий сектор, жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз жалб этилган ташқи қарзлар акс эттирилади. Бунда корпоратив ташқи қарз бўйича давлат мажбурияти мавжуд эмас, улар бўйича тўловлар хўжалик субъектлари ҳамда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади», дейилади Марказий банк изоҳида.
Ташқи қарз миқдори қандай ўзгаряпти?
2025 йилда Ўзбекистон тарихида энг юқори ташқи қарз ўсиши қайд этилди – 18,1 млрд доллар. Шунингдек, пандемия давридаги 2020 йилда (9,2 млрд доллар), 2023 йилда (9,8 млрд доллар) ҳамда 2024 йилда (10,8 млрд доллар) ҳам ташқи карзнинг кескин ошиши кузатилганди. Қонун билан тартибга солиш механизмларининг жорий қилиниши давлат ташқи қарзининг ошишини нисбатан мўътадиллаштирди. Масалан, давлат ташқи қарзининг ўсиши 2020 йилда 5,5 млрд, 2021 йилда 2,3 млрд, 2022 йилда 2,1 млрд, 2023 йилда 3,9 млрд, 2024 йилда 4,2 млрд, 2025 йилда эса 6,6 млрд долларни ташкил этди. Бу даврда умумий ўсиш қарийб 90 фоиз бўлди. Корпоратив қарз миқдорида эса кескин ўсиш кузатиляпти. Хусусан, 2020-2025 йиллар оралиғида бу кўрсаткич 3,3 баробарга ёки 12,5 млрд доллардан 41,7 млрд долларгача ошди.

Ялпи ташқи қарзнинг ЯИМга нисбатан улуши
Умумий ташқи қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши ҳар қандай давлатнинг макроиқтисодий соғломлигини кўрсатувчи энг муҳим индикаторлардан биридир. Бу кўрсаткич давлатнинг ўз қарз мажбуриятларини иқтисодий ривожланишга зарар етказмаган ҳолда, ўз вақтида тўлай олиш қобилиятини акс эттиради. Fitch, S&P ва Moody's каби халқаро рейтинг агентликлари давлатнинг кредит рейтингини белгилашда айнан шу нисбатга таянади. Қарз юки паст ва барқарор бўлган давлат халқаро молия бозорларидан арзонроқ фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит олиш имкониятига эга бўлади. Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, умумий ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 2021 йилда 48,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда иқтисодиётнинг қарз қолдиғига нисбатан тезроқ ошиши ҳисобига 46 фоизгача қисқарганди. Кейинги 3 йил давомида эса муттасил равишда ўсиш кузатилиб, бу кўрсаткич 2025 йил якунида 55,9 фоизга етди.














