2026 йилги адабиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати 76 ёшли канадалик ёзувчи ва шоир аёл Энн Карсон бўлди. Адиб «мумтоз анъаналар билан уйғунлашган ўйин тарзидаги мулоқот орқали замонавий адабиётнинг янги шаклларини яратган дадил ва новаторлик асарлари» учун нуфузли мукофотга муносиб кўрилди.

Лауреат номи Швеция академиясида ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилинди.

Академия хабарига кўра, Карсон адабий ижоддаги янгича ёндашуви ҳамда классик анъаналарни қайта талқин этгани учун мазкур нуфузли мукофотга лойиқ топилган.

Энн Карсон 1950 йилда Канаданинг Торонто шаҳрида туғилган. У шоир, ёзувчи, таржимон ва филолог олим сифатида танилган.

Карсон Торонто университетида олий маълумот олиб, ўша ерда магистрлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.

1979 йилдан буён у турли олий таълим муассасаларида, жумладан, Макгилл, Мичиган, Ню-Йорк ҳамда Принстон университетларида антик ва қиёсий адабиёт, шунингдек, адабий маҳорат фанларидан дарс бериб келмоқда.

Карсоннинг энг машҳур асарлари қаторига Eros the Bittersweet («Аччиқ-ширин эрос»), Autobiography of Red («Қизилнинг таржимаи ҳоли»), Men in the Off Hours («Ишдан ташқари вақтдаги эркаклар») ва The Beauty of the Husband («Эрнинг ҳусни») киради.

Карсон бир қатор нуфузли мукофотлар билан тақдирланган кўплаб адабий асарлар ҳамда таржималар муаллифидир.

2005 йилда адиб Канада адабиётига қўшган ҳиссаси учун Канада ордени билан мукофотланган.

Нобел жамғармаси 1900 йил 29 июнда швед ихтирочиси ва саноатчиси Алфред Нобелнинг васиятига биноан ташкил этилган. Мукофотлар инсоният тараққиётига фойда келтирган ютуқлар учун топширилади.

Нобел мукофотлари Швеция қироллик фанлар академияси, Швеция академияси, Каролинска институти ва Норвегия Нобел қўмитаси томонидан беш йўналишда – физика, кимё, адабиёт, физиология ёки тиббиёт ҳамда тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги фаолият учун берилади.

Бундан ташқари, 1969 йилдан буён Швеция банки томонидан 1968 йилда таъсис этилган Алфред Нобел хотирасига бағишланган иқтисодиёт фанлари бўйича мукофот ҳам топширилмоқда.

Нобел мукофотларини топшириш маросими анъанавий тарзда 10 декабр куни – Алфред Нобел вафот этган кунда ўтказилади.