Ҳодиса 8 октябрга ўтар кечаси Кембрижшир графлигидаги RAF Molesworth базасида содир бўлган. Ушланган эркаклар 32 ва 36 ёшда бўлиб, Буюк Британияда истиқомат қилади.

Полиция маълумотига кўра, хавфсизлик патрули дастлаб база яқинида ташлаб кетилган автомобилни аниқлаган. Кейин объект атрофидаги тўсиқ шикастлангани маълум бўлган. Икки эркак база ҳудуди ичидан топилиб, қўлга олинган.

Улар дастлаб тақиқланган ҳудудга рухсатсиз кириш ва мулкка зарар етказиш гумони билан ушланган. Кейинчалик уларга нисбатан Буюк Британия манфаатларига зарарли мақсадда тақиқланган объектга кириш гумони бўйича ҳам чора кўрилган.

Ҳодисани терроризмга қарши кураш полицияси текширмоқда. Гумонланувчиларнинг аниқ мақсади тергов давомида ўрганилмоқда.

Фэрфорддаги ҳодиса билан боғлиқлик аниқланмаган

Полиция ҳозирча мазкур воқеани сентябр охирида Фэрфорд авиабазаси яқинида содир бўлган ҳодиса билан боғлашга асос йўқлигини билдирган.

Ўшанда маҳаллий аҳоли вакили база атрофидаги шубҳали ҳаракатлар ҳақида хабар берган. Полиция учта фургонни текшириб, улардан бензин топган. Ҳудуд ўраб олинган, яқиндаги қишлоқ аҳолиси эса эвакуация қилинган.

Фэрфорддаги ҳолат юзасидан етти нафар гумонланувчи ушланган, кейинчалик уларнинг барчаси муайян шартлар асосида қўйиб юборилган.

Шундан сўнг АҚШ Фэрфорд базасидаги B-1 бомбардимончи самолётларини олиб чиқишга қарор қилган. Президент Доналд Трамп буни, унинг сўзларига кўра, Эрон билан боғлиқ шахслардан келаётган таҳдидлар билан изоҳлаган.