DW хабарига кўра, «Медиазона» журналистлари ҳалок бўлган ҳарбийларнинг исмларини аниқлаб, суриштирув натижаларини 9 октябрда эълон қилган.

Аниқланган 20 офицернинг 18 нафари зарба берилган куни, яна икки нафари эса кейинроқ олган жароҳатларидан вафот этган. Улар орасида етти нафар полковник ва тўрт нафар подполковник бўлган.

Нашр маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар «Марказ» қўшинлар гуруҳига тегишли штабларда — Марказий ҳарбий округ ва 41-умумқўшин армияси штабларида хизмат қилган.

Журналистлар икки штабнинг шахсий таркиб рўйхатларини мерос ишлари реестри, бошқа давлат реестрлари ва ҳарбийлар ҳақидаги таъзия хабарлари билан солиштириб, уларнинг шахсини аниқлаган.

Украина Қуролли кучлари Россия эгаллаб олган Донецкка 26 август кечқурун ракета зарбаси берган. Ўша пайтда маъмурият раҳбари Денис Пушилин нишон «Донецк Сити» савдо маркази бўлганини билдирган. Унинг айтишича, ҳужумда Storm Shadow/SCALP-EG ракеталари қўлланган.

Бироқ очиқ манбалар асосида таҳлил олиб борувчи OSINT лойиҳалари зарбалар Россия армиясининг қўмондонлик пунктларига қаратилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Украинанинг Exile+ Telegram-канали зарбалардан бири урушгача илмий-тадқиқот ва саноат муассасалари жойлашган бинога тушганини билдирган. «КіберБорошно» канали эса нишонлардан яна бири қурилиши тугалланмаган турар жой мажмуаси остидаги 600 ўринли ерости автотураргоҳи бўлганини маълум қилган.

OSINT лойиҳалари ҳар икки объектдан Россия ҳарбийлари қўмондонлик пункти сифатида фойдаланган бўлиши мумкинлигини айтган.