Жаҳон метеорология ташкилотининг (ЖМТ) янги ҳисоботига кўра, 2025 йилда атмосферадаги карбонат ангидрид (CO2) ва бошқа асосий иссиқхона газлари концентрацияси мисли кўрилмаган даражада юқори кўрсаткичларга етди. Бу эса сайёрада ҳароратнинг янада узоқроқ муддатга кўтарилишига олиб келди.

Иссиқхона газлари бўйича ЖМТ бюллетенида маълум қилинишича, 2025 йилда CO2 нинг ер сиртига яқин глобал ўртача концентрацияси миллионга 426,8 улушни (ppm) ёки 1750 йилдаги саноатлашувгача бўлган базавий даражанинг 153 фоизини ташкил этди. Инсон фаолияти билан боғлиқ ҳамда узоқ сақланиб қолувчи иссиқхона газлари орасида аҳамияти бўйича иккинчи ва учинчи ўринда турадиган метан ва азот чала оксиди концентрацияси ҳам янги рекорд даражага етди.

«Яна бир йил — яна бир янги рекорд. Иссиқхона газлари атмосферада мисли кўрилмаган миқдорда иссиқликни ушлаб қолмоқда, бу эса экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг ҳамда улар билан боғлиқ иқтисодиётимиз ва жамиятимиз учун хавф-хатарларнинг кучайишига олиб келмоқда. Сўнгги 11 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ давр бўлди ва бу тенденция, афтидан, сақланиб қолади. CO2 атмосферада жуда узоқ вақт сақланиб қолиш хусусиятига эга, шу сабабли у глобал иқлимга шунчаки кўп йиллар эмас, балки ўнлаб йиллар ва ҳатто асрлар давомида таъсир кўрсатади», — деди ЖМТ Бош котиби ўринбосари Ко Барретт.