Дунёда ўта қашшоқликда яшаётган одамлар сони БМТ ҳисоб-китоб юрита бошлаган 2010 йилдан бери илк бор ошиб, 1,2 миллиард кишига етди. Бу олдинги ҳисоб-китобдагига қараганда 51,5 миллион нафарга кўпдир. Бундай маълумотлар БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Оксфорд университети томонидан тайёрланган 2026 йилги Глобал камбағаллик индексида келтирилган. Камбағалларнинг ярмидан кўпроғини (617 миллион) болалар ташкил этади, уларнинг 83 фоизи қишлоқ жойларда яшайди.

Индексда камбағаллик даромадга қараб эмас, балки инсон ҳаётида нималар етишмаётганига — тўғри овқатланиш, таълим, тиббий хизмат, тоза сув, электр энергияси, муносиб уй-жой мавжудлигига қараб баҳоланади. Ушбу неъматларнинг салмоқли қисмидан маҳрум бўлганлар камбағал ҳисобланади.

Тадқиқот сайёра аҳолисининг 78 фоизи истиқомат қиладиган 108 та ривожланаётган давлатни қамраб олган. Бу ўсиш қисман аҳоли сонининг кўпайиши билан ҳам боғлиқ: янги маълумотлар мавжуд бўлмаган 95 та мамлакатда аҳоли ўсиши камбағаллар сонини яна 15,8 миллион нафарга оширди.

БМТТД раҳбари Александр Де Кроо шундай деди:

«Камбағалликнинг ортиши бутун дунё учун хавотирли сигнал бўлиши керак. Бу рақамлар ортида ўзаро бир-бирини кучайтирувчи омилларга — очлик, таълим, тоза ичимлик суви ёки электр энергияси йўқлигига дуч келаётган 1,2 миллиард инсон турибди».

Баҳолаш кўрсаткичлари янгиланган 13 та мамлакатдаги вазият турлича. Миср, Непал ва Тожикистонда камбағалларнинг улуши ҳам, сони ҳам камайган бўлса, Ангола ва Замбияда улуши қисқарган, бироқ аҳоли сони ўсгани сабабли уларнинг мутлақ сони барибир ошган. Нигерияда 2010 йиллардаги камбағалликнинг пасайиши 2020 йилларда яна ўсиш билан алмашди. Хитой эса ҳаммадан тез суръатларда ривожланди: 2010 йилдан 2014 йилгача мамлакат аҳолиси орасида камбағаллар улуши 9,5 фоиздан 4,2 фоизгача қисқарди.

2025 йил декабрь ойида БМТ 2026 йил учун гуманитар ёрдам сўровини 2025 йилда сўралган 47 миллиард доллардан 23 миллиард долларгача қисқартирди, деб хабар берган эди Reuters агентлиги. Ташкилот маълумотларига кўра, 2025 йилда у сўнгги ўн йилдаги энг паст кўрсаткич — бор-йўғи 12 миллиард доллар маблағ олган. Ушбу қисқариш, жумладан, Доналд Трамп ташаббуси билан АҚШ халқаро ёрдами камайтирилгани туфайли ҳам юз берди.