1995 йил ноябрда Тел-Авивда Фаластин билан тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкиллаштирилган митингда қатнашаётган Исроил бош вазири Исҳоқ Рабин отиб ўлдирилади. Ўшанда Исроил Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишга жуда яқин келган ва бунда Исҳоқ Рабиннинг хизматлари катта эди. Афсуски, сиёсатчининг бу саъй-ҳаракатлари радикал қарашларга эга бўлган яҳудийларга ёқмайди ва охир-оқибат бош вазир ўлдирилади.

Исроилнинг Фаластин халқига қарши бошлаган тажовузлари 1948 йилдан буён давом этиб келмоқда. Ўшандан буён яҳудий давлати БМТ резолюцияси билан ташкил этилган араб давлатини тан олмайди, Фаластин ерларини муттасил тарзда эгаллаб келади. Ўтган йиллар мобайнида Исроил ҳарбийлари томонидан юз минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари уйидан қувилди, ўлдирилди.
Аммо тарихда шундай кунлар бўлганки, Исроил Фаластин давлатини тан олишга жуда яқин келган. 1990-йиллар бошида Исроилни бошқарган Исҳоқ Рабин Фаластин раҳбари Ёсир Арофат билан музокаралар ўтказиб, тинчлик битимлари имзоланади. Бироқ бу иш Исроилдаги айрим сиёсатчилар ва Фаластиннинг тан олинишига қарши бўлган радикалларга ёқмайди. Улар Исҳоқ Рабинни йўқ қилиш пайига тушади.
Ҳарбийдан чиққан раҳбар
Исҳоқ Рабин 1922 йилда туғилган. Айнан ўша йили Усмонийларга тегишли Фаластин ерлари Британия мандати остига ўтганди. Мактабни битиргач, қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим олади ва 1941 йилда яҳудийлар томонидан ташкил этилган «Палмах» ҳарбий тузилмаси сафига қўшилади. 1948 йилда БМТ Фаластин ерларида Исроил ва Фаластин давлатларини ташкил этиш бўйича резолюция қабул қилади ва кўп ўтмай араб – Исроил уруши бошланади. Исҳоқ Рабин ана шу урушда қатнашади.
У урушдан кейин ҳам ҳарбий хизматни давом эттириб, катта лавозимларни эгаллайди. 1964 йил штаб бошлиғи бўлади. У 1967 йил Олти кунлик урушда муҳим вазифаларни бажаради.
Ҳарбийликдан катта сиёсатга
1968 йилда генерал унвонига эга бўлган Исҳоқ Рабин ҳарбий хизматдан кетиб, сиёсий фаолиятини бошлайди ва беш йил давомида Исроилнинг АҚШдаги элчиси бўлади. 1974 йил Рабин Исроил бош вазири бўлиб, яҳудий давлатини 1977 йилгача бошқаради. Кейинчалик турли вазирликларни бошқаради. Жумладан, 1984-1990 йиллар оралиғида Исроил мудофаа вазири лавозимида ишлайди. 1992 йилда ўтказилган сайловда ғалаба қозонган Исҳоқ Рабин яна Исроил бош вазири бўлади.

















