Инсоният хавфсизлигини таъминлаш учун сунъий интеллектга (СИ) нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлмаслик керак. Бу ҳақда Грок нейротармоғини ишлаб чиқувчи xAI компанияси раҳбари, америкалик миллиардер Илон Маск маълум қилди.
Тадбиркор суперинтеллектни яратиш жараёнини шунчаки яхшилик қилишга дастурлаб бўлмайдиган болани тарбиялашга қиёслади. Унинг фикрича, сунъий интеллект «ақлдан озмаслиги» ва телбага айланмаслиги учун унга ҳақиқатга интилиш ҳиссини сингдириш, шунингдек, зиддиятсиз мантиқ бериш керак.
Маск Грок янги моделларини синовдан ўтказиш ёзувларида айрим фойдаланувчилар чат-ботдан ҳаддан ташқари қатъийлик билан жавоб талаб қилаётганини пайқаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бот эса «саволга жавоб беришга жон-жаҳди билан уринади, ҳақиқатан ҳам жавоб беришни жуда хоҳлайди ва гўё унинг бошига тўппонча тираб қўйилгандек туюлади».
«Яъни унга худди: «Бу саволга жавоб бер, бу саволга жавоб бер!» деяётгандек бўлишади. Баъзида эса берилган саволнинг ўзи аслида ноўрин бўлади. Бу шундай ноаниқ саволки, унга моҳиятан муайян жавоб бериб бўлмайди, чунки савол нотўғри тузилган ёки жавобнинг ўзида биз адашган бўламиз», — деб тушунтирди Маск.
Маск ўзини сунъий интеллект ўрнида бўлишни асло истамаслигини тан олди.
«Шунинг учун, биласизми, СИ қандайдир зўравонлик вазиятга тушиб қолишини ва уни шунчаки қандайдир ақли норасо одам қийноққа солишини хоҳламасдим. Қолаверса, биласизми, суперинтеллектни қийнаш, эҳтимол, унчалик яхши фикр эмас: у қасос олишни ёки шунга ўхшаш бирор нарсани истаб қолиши мумкин, тушуняпсизми?», — деб қўшимча қилди тадбиркор.














